Бунёдкорлик фалсафаси

09:54 23 Август 2021 Жамият
326 0

Янгиланишлар, энг аввало, тафаккурдан бошланиши шарт! Халқ дунёқараши ўзгариши — ислоҳотларнинг асл дебочаси. Онги, юраги, руҳи уйғоқ одамлардан эса чинакам фидойилик, ташаббускорлик ва яратувчанликни кутиш мумкин. Бунёдкорлик фалсафасининг асл моҳияти ҳам шу.

Президентимиз яқинда матбуотга берган интервьюсида бу ҳақда тўхталар экан, маънавий уйғоқ жамиятни қудратли кучга қиёс этди. Қувонарли жиҳати, бугун одамлар уйғонмоқда, жамият уйғонмоқда.

Мана, ислоҳотларнинг янги даврига қадам қўйганимизга ҳадемай беш йил тўлади. Шу ўтган даврда нималарга эришдик, нималарга улгуролмадик, келажакда яна қандай ишларни амалга оширишимиз керак, деган саволлар бугун ҳар бир ижтимоий фаол юртдошимизнинг кўнглидан, хаёлидан ўтаётганига шубҳа йўқ!

Бизга кучли кадрлар керак!

Юрт тараққиётига дахлдор стратегик вазифаларни рўёбга чиқариш учун кучли мутахассислар керак. Чунки мураккаб давр муаммоларини эскича фикрлайдиган, эски услубда ишловчи бюрократик кадрлар билан ҳал этиб бўлмасди. Шу боис Ўзбекистонда хориждан ватандошларимиз ва етук мутахассисларни жалб этиш тажрибаси кенг қўлланилди. Вазирлик ва идораларга АҚШ, Буюк Британия, Япония, Европанинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олган ва яхши иш тажрибасига эга 35-40 ёшдаги кадрлар тайинланиши бу борада дадил қадам бўлди. Айни мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ягона давлат кадрлар сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ихтисослаштирилган орган ҳам ташкил этилди. 

Шу тариқа кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг замонавий услублари жорий қилинди. Бинобарин, давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминотининг замонавий тизими яратилди. Бу давлат хизмати жозибадорлигини ошириш, коррупциянинг юзага келиш хавфи ва мансаб суиистеъмолчилигини камайтириш имконини бериши билан аҳамиятлидир. Маҳаллий бошқарув тизимини модернизациялаш, демократик ислоҳотларни амалга оширишда, аввало, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш асосий вазифага айланди.

Шу ўринда БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида 2017 йилда ёзилган бир тадқиқотимиз ҳақида тўхталиб ўтсам. Унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш механизмларини очиб бергандик. Ўшанда бу кўрсаткич бор-йўғи 30-35 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда у 80-85 фоизга етиб қолди. Демак, бошқарув органлари замон талабига жавоб беришга интилмоқда. Қисқа вақт ичида давлат ва бизнес тузилмаларнинг жамоатчилик билан таъсир алоқалари шаклланди, ижро ҳокимияти органларида амалга оширилган ишлар ва якуний натижалар ўртасида фарқ миқдори ошди. Ижро ҳокимияти органлари функциялари кўпайиб бораётгани сабабли бу кўптармоқли фаолиятни қамраб олиш имконини берадиган электрон, онлайн тизимлар вужудга келди.

БМТ бош минбаридан янграган ҳақиқатлар

Марказий Осиё — муҳим геосиёсий нуқтада жойлашган минтақа. Ўзбекистон эса хорижий ва қўшни мамлакатлар билан олиб бораётган очиқ, конструктив, ўзаро манфаатли ташқи сиёсати билан ана шу минтақа ҳаётидаги туб ўзгаришларга сабаб бўлди. Натижада нафақат маданий-маърифий алоқаларимиз, дўстона муносабатларимиз тикланди, балки иқтисодий-сиёсий соҳаларда ҳам ҳамкорлигимиз мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги тарихий нутқида жамиятимизда сиёсий фаоллик ортиб бораётгани, барча жабҳада чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу орқали бутун дунё Ўзбекистон демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишга киришганига ишонч ҳосил қилди. Ўз навбатида, жойларда Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилиши, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилганини жаҳон афкор оммаси мамнуният билан қабул қилди. Хорижга чиқиш визалари бекор қилиниб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи бўйича миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан очиқ мулоқот фаоллашиб бораётгани ҳам шулар жумласидан. Экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, адашган фуқаролар ижтимоий реабилитация қилиниши бағрикенглик сиёсати, ОАВнинг ўрни сезиларли даражада ошаётгани эса сўз эркинлиги таъминланиши йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар сифатида баҳоланди. Жаҳон оммасига Ўзбекистон иқтисодиётида ўзгариш ясаган ахборот сифатида 2017 йил 1 сентябридан миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига тўлиқ ўтилгани маълум қилинди. Булар ислоҳотлар жараёни жадаллашганидан дарак берарди.

Ҳар ташаббус ортида халқ дарди бор!

Ислоҳотларга ғоя ва ташаббуслар туртки бўлади. Юртбошимиз эса беш йиллик фаолияти давомида бир қатор муҳим ташаббуслар билан чиқди. Марказий Осиёда ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш — шулардан биринчиси. Иккинчиси Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш масаласида ўз аксини топди. Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш — тўртинчи муҳим ташаббус. Эътиборлиси, мазкур глобал муаммолар ечимига чақириқ БМТ томонидан қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон раҳбари кўтарган долзарб масалалардан яна бири дунёда терроризм таҳдидлари кучайиб бораётган паллада ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифага айланиши керак, деган фикр эди. «Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. Бугунги дунё ёшлари сони жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этади. Бизнинг асосий вазифамиз ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишдир, — деди Президентимиз. — Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим». Шу муносабат билан халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг яна бир ташаббуси Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини, Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш баробарида, сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи эди. Бу ҳужжатларнинг асосий мақсади барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Булар ҳаммаси жамиятни модернизациялаш, ислоҳ этиш жараёнида халқаро мезонларга дадил ўтилаётганидан далолат беради.

Имкониятни яқинимиздан излайлик!

Бугунги ташқи сиёсатда Марказий Осиёга устуворлик берилаётганини илғаш мушкул эмас. Бу — ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўл, деб ҳисоблаймиз. Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланиши тарафдори ва ташаббускори. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги таклифи амалга ошди. Ушбу мулоқотнинг биринчиси 2018 йил 15 март куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Иккинчиси 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилди. Аммо коронавирус пандемияси авж олиши туфайли 2020 йилги учрашув ортга сурилиб, 2021 йил 6 август куни Туркманистоннинг «Аваза» миллий туризм зонасида ташкил этилди. «Халқ дипломатияси» имкониятларини кўпроқ ишга солиш, парламентлар ва медиа соҳани жалб қилиш ғоят муҳимдир», деди анжумандаги нутқида Президентимиз.

Ҳа, Ўзбекистоннинг турли қитъалардаги кўплаб мамлакатлар ва давлат уюшмалари билан муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бу борада ислоҳотлар ҳам амалга оширилди. Жумладан, божхона тўловлари ставкалари икки баробар камайтирилди, 3 минг 550 та маҳсулот номлари ва 1 минг 122 турдаги маҳсулотлар акциз солиғига импорт божларининг ноль ставкалари қўлланилди. 2016-2020 йилларда барча манбалар ҳисобидан асосий капиталга жами 89 млрд. долларлик инвестиция киритилди, улардан 19,5 млрд. доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлардир. Шунингдек, 2016-2020 йилларда республиканинг умумий экспорти 72,5 млрд. долларни ташкил этди, шундан 2020 йилда 15,1 млрд. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди, бу эса 2016 йилга нисбатан 25 фоизга кўпдир.

2021 йил 15 март ҳолатига кўра, фуқаролари учун Ўзбекистонда визасиз режим жорий қилинган мамлакатлар сони 90 тани ташкил қилади. Охирги уч йил ичида ушбу рўйхатдаги давлатлар сони 10 баробардан ошди. Бу эса ушбу даврда туристлар оқими деярли 4 баравар кўпайишига олиб келди.

Аммо шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари олдида чегара, сув муаммоларини ҳал қилиш вазифаси турибди. Пандемия туфайли дунё бўйлаб ҳаво йўллари тармоғи 60 фоиз, меҳмонхона ва туризм соҳаси 70 фоиз даромадидан айрилди. Бу ҳолат Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатди, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши 5,6 фоиздан пастга тушди. Ўзбекистон иқтисодиёти пасайишига таъсир этувчи асосий омиллар сифатида ташқи савдо ҳажмининг кескин қисқариши, мигрантлар пул оқимлари ҳажми 50 фоиздан кўпроққа пасайиши ва ҳукумат томонидан жорий қилинган карантин чекловлари туфайли ички бозордаги истеъмол ва талабга доир ҳолатнинг ёмонлашуви тилга олинмоқда.

Қачон тугаши номаълум бўлган бугунги пандемия шароитида давлатимиз бош ислоҳотчилик вазифасини ўз зиммасига олиб, катта миқёсдаги ишларни амалга ошираётганини ҳам қайд этиб ўтмоқчимиз...

Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носировнинг фикрича, Бостон халқаро консалтинг компанияси ҳисоботига кўра, Марказий Осиёнинг келгуси 10 йил мобайнида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш салоҳияти 170 миллиард долларга тенг, шу жумладан, 40-70 миллиард хом ашё сектори билан боғлиқ бўлмаган соҳаларга жалб қилиниши мумкин. БМТ маълумоти бўйича, самарали иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш Марказий Осиё давлатларининг ЯИМ ҳажмини (2020 йилда 291 млрд. доллар) икки баробар ошириш имконини беради. Демак, иқтисодий ва сиёсий манфаатларимизни олисдан излаш ўрнига, қўшнилар билан амалий ҳамкорликни кучайтириш лозим.

Ислоҳот марказида инсон манфаати ётибди

Халқаро экспертлар фикрича, стратегик мақсадлар мамлакатнинг халқаро майдонда ўз олдига қўйган вазифаларини тўла амалга оширишда янги-янги имкониятларни тақдим этади. Ўзбекистон эса давлат дастурлари ва қонунларни қабул қилиш билан чекланиб қолмай, уларни ҳаётга изчил татбиқ этишга интилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида жамият равнақига хизмат қиладиган ўнлаб устувор соҳалар қамраб олинган. Масалан, 2017 йилдан бошлаб, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик муваффақиятли ривожланмоқда, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан шериклик алоқалари қайтадан тикланди. ЕТТБ яна Ўзбекистонга қайтди. Улар шаффофликни ошириш ва маҳаллий статистикани мувофиқлаштириш борасида ҳукумат билан ишламоқда. Кейинги қадам суверен облигацияларни ишлаб чиқариш бўлади.

Ҳаракатлар стратегиясининг бош мақсади демократик жамиятнинг жадал ривожланишини таъминловчи ички механизмларни тезроқ барпо этишга қаратилган. Қувонарлиси, ҳозиргача бу борада кенг кўламли ишларни бажаришга эришилди. Давлат бошқаруви такомиллаштирилиб, жадал ўзгариб бораётган ҳаёт талабларига мувофиқлаштириб борилмоқда. Бизнингча, ютуқларимизнинг асосий омили ислоҳотлар узоқ муддатли концептуал стратегияга асосланганлиги билан характерланади. Шу маънода олганда, юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олға сурилган янги ташаббуслар, ғоялар илмий, амалий ва сиёсий аҳамият касб этиб бормоқда.

Ислоҳотлар бардавом. Чунки, Президентимиз таъбири билан айтганда, бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Йўлимиз шу пайтгача осон бўлгани йўқ, бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур.

Бахтиёр ОМОНОВ,
Тошкент ахборот технологиялари университети профессори,
сиёсий фанлар доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?