Булунғурда хорижий инвестицияни жалб этиш ишлари жадаллашмоқда

16:19 13 Июнь 2022 Иқтисодиёт
216 0

Фото: Zarnews.uz

Самарқанд вилояти Булунғур туманида умумий қиймати 94 миллион долларлик 9 та лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган ва ушбу лойиҳалар доирасида жорий йилда 38,5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган.

Булунғур туман ҳокимлиги инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи ўринбосари Аллаёр Маҳрамовнинг айтишича, биргина қишлоқ хўжалиги йўналишида 5 та узумчилик кластери томонидан 3 минг гектар ер майдонида қиймати 142,7 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда ҳамда 2 мингдан ошиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилади. Яна қиймати 51,6 миллиард сўмлик паррандачилик, пиллани қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, савдо ва маиший хизмат кўрсатишга доир лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Булунғур туманида ҳозирда “Samarqand Richland International Investment” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 150 минг доллар хорижий инвестиция киритилган.

“Хитой беш бармоқ қурилиш материаллари” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси туманда пишиқ ғишт ишлаб чиқариш лойиҳасини кенгайтириш мақсадида 523 минг доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирди.

Йил охирига қадар яна 2 та корхона томонидан 8 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилади. Жумладан, “Sаmаrkand-КZT ЭКО Мilk compani” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 17,5 миллион долларлик иссиқхона ва чорвачилик комлекси ташкил этишга киришилади. Лойиҳани амалга ошириш учун жорий йилда 3 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилади ҳамда 80 та янги иш ўрни яратилади.

“Ғўбдин соф паррандалари” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда қиймати 6 миллион долларлик паррандачилик хўжалиги ташкил этилади ва 5 миллион доллар хорижий сармоя ўзлаштирилади.

Булунғур тумани географик жиҳатдан ҳам, логистика жиҳатидан ҳам қулай ҳудуд ҳисобланади. Биргина қишлоқ хўжалиги йўналишини оладиган бўлсак, туман аҳолиси бу борада етарлича тажриба ва кўникмага эга. Туманда чорвачилик, боғдорчилик, узумчилик соҳаларида фаолиятни ташкил этиш истиқболли ҳисобланади.

Масалан, 2016 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Samarqand garden plast” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси йилига 20 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотини музлатиш ва қайта ишлаш қувватига эга.

— Корхонамизда мавсумда 400 нафарга етадиган ишчилар ёрдамида гулкарам, ошқовоқ, булғор қалампири, қовун, шафтоли, гилос, бақлажон, исмалоқ ва бошқа маҳсулотларни қайта ишлаймиз, —  дейди жамиятнинг цех бошлиғи Фарҳод Қўчқоров. —  Шафтоли, олча, булғор қалампири ва гулкарам корхона тасарруфидаги 1400 гектар майдонда етиштирилади. Қовун, ошқовоқ Жиззах вилоятидан келтирилади. Ҳозирда Россия, Украина, Беларусь, Жанубий Корея, Хитой давлатларига йилига 5 минг тоннагача маҳсулот экспорт қиламиз.

Ўтган йили Швейцариядан 800 минг долларга қишлоқ хўжалик маҳсулотини 40 даражагача музлатиш имконини берувчи замонавий ускуна олиб келдик. Бу ишлаб чиқариш ҳажмини 50 фоизгача оширади. Нидерландиядан 400 минг долларга маҳсулотни ярим тайёр ҳолга келтирувчи ускуна харид қилинди. Яна 200 минг долларга лазер ва ҳаво орқали маҳсулотни сараловчи жиҳозлар олдик. Бу билан иш самарадорлиги 50 фоизга ошиб, маҳсулот қабул қилиш ва экспорт ҳажмини икки баробар кўпайтириш имкони яратилди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер