Булунғурда Фозил Йўлдош таваллудининг 150 йиллигини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

16:49 08 Ноябрь 2022 Жамият
904 0

Фото: Халқ сўзи

Жорий йилда миллий достончилик мактабининг йирик вакили Фозил Йўлдош ўғли таваллудининг 150 йиллиги нишонланади. Шу муносабат билан бахши туғилиб ўсган Булунғур туманида унинг фаолияти ва ижодини ёритиш, адабий меросини оммалаштиришга қаратилган кенг қамровли тадбирларни ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Айтиш керакки, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 18 мартдаги қарори асосида Булунғур туманида Фозил Йўлдош номи билан боғлиқ объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун вилоят бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 4,7 миллиард сўм маблағ ажратилган эди. Ана шу маблағнинг 3,3 миллиард сўми ҳисобидан Фозил Йўлдош уй-музейи ўрнида замонавий мажмуа қурилди, унинг ёнида жойлашган 2-сонли маданият уйи биноси тўлиқ қайта таъмирланди. Шунингдек, бино атрофидаги 1 гектарга яқин майдон ободонлаштирилиб, аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун зарур шароитлар яратилди.

— Эски уй-музейида маданий тадбир ўтказиш у ёқда турсин, экспонатларни жойлаштиришга ҳам жой торлик қилар эди, — дейди Фозил Йўлдош уй-музейи раҳбари Нодир Раҳимов. — Янги бино катта кириш зали ва 3 та бир-бирига туташ хонадан иборат. Бу хоналарда Самарқанд бахшичилик мактаби, хусусан, Фозил Йўлдош ўғли ҳаёти ва ижодига оид экспонатлар, туманимизнинг фольклор гуруҳлари фаолияти, эришган ютуқлари кўргазмасини ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу жой энди тумандошларимиз учун тарихимизни ўрганиш ва маданий дам олиш маскани бўлди.

Музей ҳовлисида Фозил Йўлдош ўғлининг бюсти жойлаштирилган. Миллий руҳда безатилган фаввора, кенг ва кўркам хиёбон мажмуа кўркига кўрк қўшиб турибди.

Булунғур тумани марказидаги хиёбонда Фозил Йўлдош ўғлининг салобатли ҳайкали қад ростлаб турибди. Ўтган вақт мобайнида бу ерда ҳам катта ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, бахшининг ҳайкали ортидаги иншоот барельеф жанридаги ижод намунаси билан безатилди. Унда маҳоратли рассом Саид Ибрагимов томонидан Алпомиш достонининг асосий қаҳрамонлари акс эттирилган.

Дарвоқе, Фозил Йўлдош ўғли мангу қўним топган «Ғиштли ота» қабристони ҳам ободонлаштирилиб, халқ бахшисининг қабрини зиёрат қилиш учун ташриф буюрувчиларга зарур шароитлар яратилди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?