Бухоролик олимлар томонидан импорт ўрнини босадиган оҳорловчи полимер композициялар ишлаб чиқилди

17:50 11 Август 2021 Жамият
446 0

Фото: "Халқ сўзи"

Республикамиз тўқимачилик саноатининг жадал ривожланиши  кўп жиҳатдан янги технологияларни яратиш, мавжудларини такомиллаштириш, юқори эксплуатацион хусусиятга эга ҳамда импортга боғлиқ бўлмаган янги оҳорловчи материаллар таркибини ишлаб чиқишга боғлиқ.

— Бу борадаги муаммолар ечимида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 августда қабул қилинган «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамиятга эга, — дейди Бухоро давлат университети профессори, техника фанлари доктори Мухтор Амонов. — Фикримни ҳаётий мисол билан далилламоқчиман. Тўқув дастгоҳларида калава ипнинг маълум ишқаланишга дуч келиши унинг узилишига сабаб бўлади. Бунинг олдини олиш, калава ипнинг мустаҳкамлигини ошириш мақсадида у оҳорланади. Шундан сўнггина, юмшоқ ҳолга келган ипларни тўқув дастгоҳларида қайта ишлаш мумкин. Юқоридаги жараёнда оҳорловчи модда сифатида эса асосан крахмал ва унинг ҳосилаларидан фойдаланилади.

Республикамизда ушбу табиий полимерларга эҳтиёж катта. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, озиқ-овқат, тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарининг крахмалга бўлган эҳтиёжи асосан, четдан валюта эвазига олиб келинаётган хом ашё ҳисобига қондирилмоқда. Ҳолбуки, бунга ҳожат йўқ.

Гап шундаки, университетимиз кимёгар олимлари томонидан оҳорловчи полимер композициялар олиш технологиясининг илмий ва амалий асосларини яратилди. Уларни саноат асосида ишлаб чиқариш ва қўллаш натижасида озиқ-овқат хом ашёларнинг сарфи 30-35 фоизга камаяди. Бундан ташқари, бу композициялар импорт оҳорловчи материаллар ўрнини босади.

Оҳорланган калава ип маълум технологик хусусиятларини ўзида мужассам этиб, қуйидаги талабларга жавоб бериши керак. Масалан, оҳор нафақат калава ипларни бир текис қоплаши, балки у ипга яхши сингиши, бир жинсли ёпишқоқ ва  муайян даражада қовушқоқлик бўлиши, қуриганда эса чидамли, эгилувчан плёнка ҳосил қилиши керак. Қолаверса, оҳор тўкилмаслиги, гигроскопик ва антисептик хусусиятларига эга бўлмоғи лозим. Биз яратган хом ашё юқорида қайд этилган талабларга жавоб беради.

Олимлар томонидан ишлаб чиқилган оҳорловчи полимер композициялар вилоятдаги бир неча тўқимачилик корхоналарида синовдан ўтказилди ва ижобий натижалар олинди. Буни алоҳида таъкидлашимиз бежиз эмас.Таклиф этилган ишланманинг афзалликлари кўп.У техник мақсадларда қўлланиладиган крахмал ва крахмал маҳсулотлари сарфини кескин камайтиради. Шунингдек, оҳор тайёрлаш усули нисбатан содда бўлиб, қўшимча технологик жараёнларни талаб қилмайди. Бундан ташқари, калава ипнинг мустаҳкамлиги 10-15 фоизга ортгани кузатилди. Ана шунинг ҳисобига, тўқув дастгоҳлари меҳнат унумдорлиги 1,3-1,5 марта ошади.

Фақат бугина эмас. Полимер композиция эритмаси юқори барқарорликка эга. У узоқ вақт ўз хусусиятларини йўқотмайди, матодан оҳор осон ювилади. Яна бир муҳим жиҳат: полимер композиция асосидаги плёнкаларнинг юқори гидрофил хусусиятга эгалиги боис тўқув цехларида ҳаво намлиги 70 фоиздан 60 фоизгача камаяди. Бу эса тўқув цехлари санитар -гигиеник ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади.

Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, лойиҳа раҳбари профессор М. Р. Амонов ва “Sharq Biznes Solution” МЧЖ корхоналари ўртасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган 535 000 000 сўмлик илмий тадқиқот ишларини тижоратлаштиришгача тайёрлаш лойиҳа шартномаси тузилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, («Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?