Бухоролик фермерлар етиштирган пахта биржа орқали сотилмоқда

11:15 15 Март 2024 Иқтисодиёт
340 0

Фото: "Халқ сўзи"

Истам Иброҳимов/«Халқ сўзи». Бухоро вилояти Когон туманидаги «Ферузабону Ҳасан замини» фермер хўжалиги Ўзбекистон пахтачилиги тарихида илк бор ўзи етиштирган ҳосилни биржа орқали сотган хўжаликлар қаторидан ўрин олди. Фермер хўжалиги томонидан 2023 йилда етиштирилган салкам 87 тонна пахта Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг алоҳида секциясида фьючерс шартномаси асосида сотилди.

— Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 12 декабридаги «Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони пахтачилик учун инқилобий аҳамият касб этмоқда, десак хато қилмаймиз, — дейди мазкур биржа Бухоро филиали бошқарувчиси Ғулом Сафаров. — Ушбу ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимиз бўйича 2805 та фермер хўжалигининг жами 165 минг 691 тонна пахтаси биржа орқали сотилди. Бунинг афзал жиҳатларидан бири шундаки, фермерда ўзи етиштирган ҳосилни қулай нархларда сотиш имкони туғилди. Қолаверса, эндиликда хом ашё учун тўлов масаласида ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Бухорода журналистлар ва тадбиркорлар учун «Товар бозорларида бозор тамойилларини жорий қилиш ва шаффофликни таъминлашда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тутган ўрни» мавзусида ўтказилган медиа-тренингда шу каби қатор далиллар алоҳида қайд этилди. Биржадаги савдолар шаффофлиги, барчага тенг шароитларни таъминлаш, соф рақобат муҳитини янги босқичга кўтариш борасидаги ишлар биржанинг Бухоро филиали фаолияти мисолида таҳлил қилинди.

Айтиш керакки, айни пайтда филиалда марказий савдо залидан ташқари 27 та савдо майдончаси, 122 та брокерлик идораси, салкам 264 трейдер фаолият юритмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?