Бухородаги Насриддин Афанди ҳайкали муаллифи ҳақида нималарни биламиз?

16:43 05 Декабрь 2022 Жамият
933 0

Фото: Иллюстратив cурат

Бухорои шарифга олису яқиндан келаётган меҳмонлар қадами узилмайди. Улар кўҳна шаҳардаги масжиду мадрасалар, карвонсаройлар, савдо тоқлари ва бошқа кўплаб осори атиқалар қатори сўлим Лабиҳовуз мажмуасида ўрнатилган Хўжа Насриддин Афанди ҳайкалини ҳам, албатта, томоша қилишади.

Эгнида ўзбекона яктак ва чопон, белида белбоғу бошида салласи бор, эшак минган ҳолда тасвирланган Насриддин Афанди ҳайкали қошида суратга тушиш эса анъанага айланган. Одамларни ўзига оҳанрабодек тортиб турган бу санъат асарини кўрганингизда беихтиёр чеҳрангизга табассум югуради. Ўзининг ўткир қочирими, кинояси, ҳазил – мутойибаси, топқирлиги, ҳозиржавоблиги билан оёғи ердан узилган амалдорлару бахил кимсаларнинг додини берган, бева-бечоралар ёнини олиб, улар мушкулини осон қилган донишманд киши кўз олдингизга келади.

БухДУ профессори, филология фанлари доктори Дармоной Ўраеванинг фикрича, кичик ҳажмли, нозик қочиримли латифаларни тўплаб ўрганиш Бухородан бошланган. Олима бу фикрни улуғ аждодимиз Муҳаммад Авфий Бухорий ижодига таяниб айтади. Муҳаммад Авфий Бухорий 1223 йилда латифаларни тўплаб, «Жавомеъул-ҳикоёт ва лавомеъур – ривоёт» («Ҳикоятлар тўплами ва ривоятлар зиёси») номи билан китоб ҳолига келтирган. «Эҳтимол, шу ҳодиса ҳам Насриддин Афандининг (латифа жанрининг) юрти Бухоро деб қарашга замин яратгандир», дея ёзади Д. Ўраева.

Нима бўлганида ҳам ҳаёт кўрсатдики, Насриддин Афандига ҳайкал ўрнатилиши ўзини тўла оқлади. Қисқа вақт оралиғида у хориж ҳамда мамлакатимизнинг турли гўшаларидан келаётган меҳмонлар суюб томоша қиладиган осори атиқага айланди. Айтмоқчи, ҳайкал муаллифи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Яков Шапиро саналади.

— Яков Шапиро билан қалин дўстмиз, — деганди биз билан суҳбатда 2019 йилда Россия қаҳрамонлари ассоциацияси делегацияси таркибида Ўзбекистон, жумладан Бухорода бўлган машҳур-учувчи космонавт, «Дўстлик» ордени соҳиби Владимир Жонибеков. — У яратган Насриддин Афанди ҳайкали чинакам санъат асаридир. Биз бу ҳақида ўзаро кўп суҳбатлашганмиз. Ижодкор Насриддин Афанди латифаларини ўқиб, ўрганиши натижасида ўлмас асар яратишга муваффақ бўлган. Ҳайкалнинг 1979 йилда ўрнатилганини ҳам яхши эслайман.

Асли ўзбекистонлик бу таниқли учувчи – космонавтнинг ўзи ҳам яхшигина рассом. Шу боисдан ҳайкалга берган баҳосига зиғирча муболаға йўқ, десак хато қилмаймиз. Дарвоқе, ҳар йилнинг 1 апрелида Лабиҳовуз, хусусан, Хўжа Насриддин ҳайкали атрофида тумонат одам йиғилади. Кулгу ва мутойиба куни муносабати билан «Насриддин Афанди кунлари» ўтказилади.

Яков Шапирога келсак, асли Украинанинг Олевск шаҳарчасида туғилган, аммо тақдир тақазоси билан Ўзбекистонда улғайиб, камол топган бу ҳайкалтарош ижоди хусусида узоқ сўз юритиш мумкин. Дейлик, у Тошкентдаги 5 та метро станцияси учун паннолар тайёрлаб берган.Тошкент шаҳрида ўрнатилган Шота Руставели, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Ботир Зокиров ҳайкаллари муаллифи ҳам айнан шу ижодкордир. Россия, Хитой, Туркия, АҚШ,Украинада ҳам у яратган ҳайкалларни учратиш мумкин. Таниқли ҳайкалтарош 2021 йилда вафот этган.

Яна халқ қаҳрамони Насриддин Афандига қайтамиз. Яқинда Марокаш давлатининг Работ шаҳрида бўлиб ўтган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматараро қўмитанинг 17-сессиясида Ўзбекистонда ипакчиликни ривожлантиришга оид ишлар билан бир қаторда Насриддин Афанди латифалари номинацияси тақдимоти ҳам ўтказилди. Тадбирда машҳур фольклор қаҳрамони саналган Хўжа Насриддиннинг Бухоро шаҳридаги ноёб ҳайкали аҳолида катта қизиқиш уйғотаётгани алоҳида таъкидланди. Пировардида Афанди латифалари ЮНEСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер