Бухородаги чигирткалар босқини бартараф этилгани маълум қилинди

12:32 11 Июнь 2024 Жамият
324 0

Фото: Видеодан кадр

Куни кеча Бухоро вилоятининг Ромитан туманида чигирткалар босқини кузатилгани ҳақида хабарлар берилганди. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот котиби Сабина Садинованинг маълум қилишича, ҳозирда ҳолат бартараф этилган.

Билдирилишича, Қозоғистон Республикасида зарарли чигирткага қарши курашиш марказлари мавжуд эмаслиги вазиятни мураккаблаштирмоқда. Қўшни мамлакатларда шу каби тадбирлар тендер савдоларида ғолиб бўлган хусусий ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Бу эса вақтдан ютқазиб, зараркунандаларни чегарадош ҳудудларга ҳам кўчиб ўтишига сабаб бўлмоқда.

Қўшимча қилинишича, вазият Ўзбекистон ҳудудида фавқулодда ҳолат тусини олмаслиги учун қўшни давлат билан трансчегаравий ҳудудларда, хусусан, Навоий, Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида назорат кучайтирилган.

«Чигирткалар хавфини бартараф этиш мақсадида БМТнинг FAO дастури доирасида қўшни давлатларда тизимли иш ташкил қилиш таклифи айнан агентлик томонидан илгари сурилган эди. Шунингдек, зарарли чигирткалар тарқалиши хавфи юқори бўлган Туркманистон билан трансчегаравий ҳудудлар — Бухоро ва Хоразм вилоятларида ҳам назорат кучайтирилди. Мониторинг жараёнида Бухоро вилоятининг Ромитан, Қоракўл, Олот ва Жондор туманларида чигиртка тарқалгани аниқланган бўлиб, ўша куннинг ўзида кимёвий ишлов олиб борилди», дейди агентлик матбуот котиби.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот котиби шунингдек, бугунги кунга қадар Бухоро вилоятида 12 321 гектар майдонда кимёвий кураш тадбирлари олиб борилганини таъкидлаган. Шу билан бирга, қўшни Хоразм вилоятида ўчоқларини олдини олиш мақсадида 3 272 гектарда кимёвий ишлов ўтказилган. Зарарли чигирткаларга қарши кураш мавсумини беталафот ўтказиш учун моддий техник база яратилган бўлиб, ёқилғи, кимёвий воситалар захираси жамғарилган.

«Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчимиз саросимага ўрин йўқ вазият назорат остида», дейди Сабина Садинова.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер