Бухорода журналистлар эътибори нималарга қаратилди?

16:45 28 Сентябр 2022 Жамият
340 0

Фото: Халқ сўзи

Бухоро шаҳрида ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Замин» фонди билан ҳамкорликда журналистлар учун «Оммавий ахборот воситаларида ногиронлик масалаларини қандай қилиб тўғри ёритиш керак?» мавзусида мулоқот ўтказди.

Таъкидланишича, дунё аҳолисининг 15 фоизи- камида бир миллиард одам туғилишиданоқ ёки кейинчалик ҳаёт кечириш давомида у ёки бу сабабга кўра ногиронликка дучор бўлган. Уларнинг 240 миллион нафарга яқини болалардир.Жисмоний, алоқа ва ахборотга бўлган тўсиқлар, шунингдек, муносабатлардаги тўсиқлар уларнинг ишлаш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш имкониятини чеклайди. Бу масала Ўзбекистон учун ҳам долзарб саналади. Негаки, юртимизда ногиронлиги бўлган 16 ёшгача болалар сони оз эмас.Улар 111 минг 300 нафарни ташкил этади.

— Мамлакатимиз томонидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинган, — дейди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари Дилшод Камолов. — Бу юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича қўшимча кафолатлар яратади, бундай фуқароларни ижтимоий ҳимоя остига олиш, улар учун имкониятлар яратиш, ҳуқуқларини таъминлашда давлат бошқарув органларининг масъулиятини оширади. Зеро, ногиронлиги бўлган шахсларнинг, жумладан, болаларнинг ҳақ–ҳуқуқларини ўз ўрнига қўйиш борасида ечимини кутаётган масалалар анча.

Бутун дунё бўйлаб ўтказилган кўплаб тадқиқотлар, болани интернат ва меҳрибонлик уйларида тарбиялаш унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатишини исботлаган. Расмий статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган болалар интернат муассасалар тарбияланувчиларининг энг кўп қисмини ташкил этади. Бинобарин, инклюзив таълимни ва болаларнинг ўз оилаларида яшаш ҳуқуқини таъминлаш учун барча чораларни кўриш зарур.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан эркин мулоқот шаклида ташкил этилган тадбирда ЮНИСEФнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Ситси Сингизи, мазкур халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде журналистлар эътиборини ногиронлиги бўлган ўғил–қизларнинг ҳақ–ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласини атрофлича ёритишга қаратдилар.Бу борада тўпланган тажриба бўйича журналистларнинг фикр–мулоҳазалари тингланди.

— Ўзбекистонда сўнгги пайтларда Меҳрибонлик уйларида яшовчи болаларни оилавий муҳитга мослаштириш бўйича фаол чора–тадбирлар амалга оширилаётганини, янги ўқув йилида 225 та мактаб ногиронлиги бўлган болалар учун ўз эшикларини очганини кузатдик, — деди жумладан, Мунир Мамедзаде. — Бироқ ота-оналар, маҳаллалар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва давлат идораларининг ягона мақсад атрофида бирлашиши мақсадга мувофиқ. Зеро, ногирон болаларнинг барча ҳуқуқларини босқичма- осқич рўёбга чиқариш, нотўғри қарашларга барҳам бериш, ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан камситишларга чек қўйиш йўлида ҳали кўп иш қилиниши керак.

Дарҳақиқат, айрим ота-оналарда «Нега фарзандим ногиронлиги бўлган бола билан бирга ўқиши керак» қабилидаги нотўғри қарашлар учрайди. Ёки ногиронлик аравачасидан фойдаланувчилар кира олмайдиган бинолар, транспорт воситалари, ҳожатхона ва ўйин майдончалари бор.Бу каби тўсиқларга албатта барҳам бериш лозим.Бунда журналистлар давлат ва жамият ўртасидаги кўприк вазифасини ўташлари муҳимдир. Тадбирда шу мавзуни тўғри ёритишга оид зарур тавсиялар берилди. Ташкилотчилар томонидан «Тўсиқларсиз» дастури ҳаётга тадбиқ этилаётгани, унинг мазмун- моҳияти ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер