Бухорода жаҳон ва Осиё чемпионати совриндорлари тақдирланди

13:06 25 Май 2023 Спорт
533 0

Фото: «Халқ сўзи»

Диққатга молик далил: Айни дамда 503 нафар бухоролик йигит – қиз у ёки бу спорт тури бўйича мамлакат миллий терма жамоалари асосий таркиби аъзоси саналади. 421 нафар спортчи эса захира сифатида рўйхатга киритилган. Ўзбекистон терма жамоасининг халқаро майдонлардаги муваффақиятларига бу спортчилар муносиб улуш қўшиб келаяптилар. 

Яқинда Тошкент шаҳрида катталар ўртасида ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионати бу фикрнинг яққол тасдиғи бўла олади. Унда 57 килограмм вазнда рингга чиққан Абдумалик Халаков барча рақибларини ишончли тарзда енгиб, жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган яна бир бухоролик боксчи Саиджамшид Жафаров эса 71 килограмм вазн тоифасида кумуш медал соҳибига айланди. 

Бунга қадар эса Таиландда 22 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида бокс бўйича Осиё чемпионати ўтказилган ва унда Бекзод Ҳамидов, Фарзона Фозилова ва Сабина Бобоқулова олтин, Зиёда Ярашева эса бронза медалини қўлга киритишганди. 

Бухоро олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Вилоят сектор раҳбарлари, спортчилар ва уларнинг мураббийлари, ота – оналар иштирокида ўтган тадбирда вилоят ҳокими Б. Зарипов ёшларни спортга жалб этиш борасидаги ишлар ҳақида тўхталиб, халқаро ареналарда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган “чарм қўлқоп” усталарини, уларнинг устозларини табриклади. Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирландилар.

Маросимда вилоят ҳокимлиги томонидан Бухоро олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази жамоасига “Isuzu” автобуси калити топширилди. 

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер