Бухорода ёшлар етакчилари форуми қандай ўтди?

12:19 04 Февраль 2021 Жамият
214 0

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорликда ёшлар етакчилари форуми ташкил этилди. Мактаблардаги 250 нафар ёшлар етакчисини қамраб олган ва 4 кун давом этган тадбир ёшлар сиёсатига оид сўнгги ўзгаришлар, Президент нутқлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳияти, шунингдек, лидер учун керакли қатор мавзуларда билим ва кўникмаларини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Маҳорат мактаблари ва машғулотлар  давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, сиёсатчилар, халқаро тоифадаги тренерлар олиб борди. Ёшлар етакчиларининг фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга мўлжалланган услубий қўлланмалар тақдимотлари бўлиб ўтди. Ягона мақсад сифатида ёшлар етакчилари ва сардорларга услубий кўмак бериш назарда тутилди. Улар орқали мактаблардаги ўқувчиларнинг маънавий дунёқарашини ривожлантириш, сиёсий саводхонлигини ошириш кўзда тутилган.

"Ёш ходимларда меҳнат мотивациясини қандай шаклланади?", "Ёшлар етакчиларида танқидий тафаккурни шакллантириш йўллари", "Ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг ёшлар ҳаётидаги ўрни" мавзуларида Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттаханова томонидан семинар-тренинг ташкил этилди. Шунингдек, «Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчи-ёшларни мактабдан ташқари таълимини ташкил этиш ва касб-ҳунарга йўналтиришда ёшлар етакчиларини ўрни» мавзусида эса Дилшод Кенжаев мастер-класс ташкил этди.

Форум доирасида Республика етакчилар Кенгаши раислигига сайлов ташкил этилди, 14 нафар номзодлар орасида Рустамбек Расулов Навоий шаҳридаги 16-сонли АФЧЎИ мактабининг ёшлар етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси – Республика Етакчилар Кенгаши раиси этиб сайланди.

— Ёшлар масалалари ҳар доим муҳим ва долзарб ҳисобланган, – дейди Республика «Камалак» болалар ташкилоти раиси Индира Холдарова. – Бироқ олдинлари ушбу масала фақат оилаларимиз зиммасида қолиб кетган бўлса, бугун Ўзбекистонда ушбу масъулиятнинг катта қисмини давлат ўз зиммасига олмоқда. Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида ёшларга оид давлат сиёсати ҳам янги босқичга олиб чиқилди. Зеро, Янги Ўзбекистонни ёшларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ёшлар ҳамиша эътиборда бўлишни, эътироф этилишни хоҳлашади. Уларга майдон берилса, имконият яратилса, улар яхши ишларга қодир, катта куч бўлади. Форумда ҳам ёшлар томонидан илгари суриладиган ғоялар, таклиф ва ташаббуслар мамлакатимиз ривожи, болаларимиз келажаги учун муҳим ва фойдали деб ишонаман. Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган «Мотиватор» шиори остидаги республика етакчи ёшлар форуми ҳудудлардан ташриф буюрган мактаб етакчилари учун билим орттириш, кўникмага эга бўлиш, тажриба алмашиш, фаолият самарадорлигига эришиш имкониятини яратмоқда.

Эндиликда ушбу ёшлар етакчилари олган билимларини каскат усулида республика бўйича 10 мингдан ошиқ ҳамкасбларига етказиш вазифаси билан ўз ҳудудларига йўл оладилар.

Маржона Жўрақулова,
форум иштирокчиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?