Бухорода ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивали ўтказилмоқда

15:18 23 Май 2022 Жамият
458 0

Фото: Халқ сўзи

Ўтган йилнинг 16 ноябрида Вазирлар Маҳкамасининг «Бухоро вилоятида ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, бу тадбир ҳар икки йилда бир бор май ойида кўҳна ва муаззам кентда бўлиб ўтиши белгиланган.

Кеча Бухорода айни шу хайрли тадбир бошланди.

Шашмақом — неча минг йиллик тарихга эга санъат. У халқимизнинг ақлу заковати, санъатга бўлган меҳру муҳаббати меваси ўлароқ дунёга келган. Уни асраб-авайлаш, келгуси авлодга етказиш, мақом санъати устозлари тажрибасини оммалаштириш ушбу фестивалдан кўзланган мақсаду муддаонинг негизини ташкил этади. Зеро, бу борада ибратли ишларни амалга оширган ота-боболаримиз кўп. Шу ўринда истиқлол йўлида жон фидо этган Абдурауф Фитратни эслашнинг ўзи кифоя. Миллат фидойиси саналган Фитрат ўз вақтида «Шашмақом»ни нотага тушириш ишлари ташаббускори бўлган ва бу эзгу йўли ўз сармоясини ҳам сарфлаган.

Фестивалга келсак, Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида тадбирнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Бухоро вилоят ҳокими Б. Зарипов юртимизда маданият ва санъатни ривожлантириш, мумтоз ўзбек қўшиқчилигини равнақ топтириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.

Тадбир муносабати билан ўтказилган концерт дастурида Ўзбекистон Қаҳрамони Муножот Йўлчиева, таниқли артистлар Матлуба Дадабоева, Гулбаҳор Эрқулова ва бошқалар, шунингдек, Бухоро ихтисослаштирилган мақом мактаб-интернати жамоаси ўз чиқишлари билан барчани хушнуд этди.

Ёш авлодни аждодларнинг маънавий меросига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашга қаратилган фестиваль давом этмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?