Бухорода Таиланд қироличасининг либослари намойиш этилмоқда

16:32 05 Апрель 2024 Жамият
1233 0

Фото: "Халқ сўзи"

Истам Иброҳимов/«Халқ сўзи». Бухоро давлат музей-қўриқхонасининг «Ситораи Моҳи-Хосса» амалий безак санъати музей филиалида «Аёллар ипак либослари: тарих ва замонавийлик» номли кўргазма очилди. Унда Таиланд қироличасининг либослари нусхалари намойиш этилмоқда.

Кўргазма экспозициясидан Таиланд Руан Тон номли норасмий, Таиланд Читралада ва Таиланд Амарин номли Бангкокдаги Жаноби олийлари қароргоҳида кийиладиган кундузги ва кечки расмий либослар, шунингдек, ипак матодан тикилган нафис кўйлаклар, умуман, Қироллик маросимларида кийиладиган либослар ўрин олган.

— Ушбу саккиз турдаги Таиланд қироллик либосининг келиб чиқиш тарихи ўзига хос, — дейди музей-қўриқхона масъул ходими Ж. Халилов. — Гап шундаки, 1960 йилда Таиланд қироли ва қироличаси Европа ва Американинг 15 та давлатига ташриф буюришади. Шунда қиролича қироллик кундалик ҳаётида фойдаланиладиган Таиланд либослари Ғарб маданияти таъсирига тушиб қолганини ҳис этади. Таиландга ҳам дейлик, ҳинд сариси ёки япон киманоси каби миллий либослар зарурлигини англаб етади. Расмий ташрифдан сўнг Таиланднинг ўзига хослигини ифодаловчи либослар ишлаб чиқаришга қарор қилинади. Токи, улар халқаро ҳамжамиятга мамлакат ўзига хослигини ифодаласин.

Натижада Таиланд қироллик либослари яратилади ва уларнинг ҳар бирига ном берилади.

20 апрелгача давом этадиган кўргазмада хорижий ва маҳаллий сайёҳлар Таиланд қироллик оиласининг либослари, тақинчоқлари билан бирга Бухоронинг ХIX-XX асрларга тегишли бўлган ўзбек аёллар либослари билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишяпти.

Мазкур халқаро кўргазма республика Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи ҳамда «Ситораи Моҳи Хосса» амалий безак санъати музей филиали ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?