Бухорода Ўзбекистонда ягона бўлган “UNIWORK” тизимида ишлашга ўтилди

18:03 12 Август 2021 Жамият
542 0

Ҳар қандай давлатнинг етакчи ресурси инсонлардир. Инсон меҳнат бозорида ўз ўрнини топа олиши, ўзи ва оиласига муносиб ҳаётни таъминлашга етарли маблағ ишлаб топиши учун тегишли маълумотга эга бўлса, аввал ўзи, кейин оиласи ва давлат ривожланади. Инсон шундай билим олиши лозимки, бу унга ўзи учун муносиб ҳаётни таъминлаш ва эркин ривожланиш имконини яратмоғи керак.

Таълим турлари ичида олий таълим кадрлар тайёрлаш тизимининг асосий бўғинларидан биридир. У Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминловчи, шахс, жамият ва давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий ва маданий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган устувор соҳа сифатида амалга оширилади. Чунки, таълим турларидан бири ҳисобланган олий таълим тури ҳам ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, мамлакат иқтисодиётининг реал тармоқлари учун юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш учун хизмат қилади.

Учинчи Ренессанс сари қадам қўйган мамлакатимизда барча соҳалар қатори олий таълим тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар яқин йилларда ўз самарасини бериши, шубҳасиз. Янги давр шиддати бугун илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни ҳар қачонгидан ҳам кўра долзарб аҳамиятга эга эканлигини, жорий этилаётган қарор ва фармонлар илм-фан соҳаси ривожида давлат бошқарув тизимининг устуворлигини аниқ, қатъий асосламоқда.

Президентимиз олий таълим тизимини буткул қайта кўриб чиқиш, хусусан, соҳада белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 27 февралдаги «Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Бухоро давлат университетининг педагогика таълим соҳаси бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Бухоро давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 апрелдаги «Бухоро давлат университетининг Педагогика институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак, асло янглишмаймиз.

Албатта, ўтган қисқа даврда олий таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар эътиборга молик. Шу билан бирга, Бухоро давлат университетида ҳам замонавий талабларга жавоб берадиган етук кадрлар тайёрлаш тобора долзарб аҳамият касб этаётир.

Шу йилнинг 1 апрель куни мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармон ҳамда «Илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожлантиришдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Чора-тадбирлар дастурининг тасдиқланиши янгиланаётган Ўзбекистонда илм-фан ва инновацион ривожланишнинг янги босқичини бошлаб берди.

Қабул қилинган ушбу Фармон ва қарорда биринчи ислоҳот, албатта, бошқарув тизимини такомиллаштиришдан бошланди. Ҳудудларда илмий ва инновацион фаолиятни бошқариш тизимини жорий қилиш ва ҳудудий инновацион инфратузилмалар ишлаб чиқилди. Иккинчи қадам сифатида, инновацион фаолиятга муҳим қўшимча молиявий маблағлар манбаини белгилаш ва бу орқали ташкилотларга инновацион фаолият билан шуғулланиши учун эркин муҳит яратиш мақсадида инновацион жамғармалар ташкил этилмоқда.

Яна бир аҳамиятли томони шундаки, илмий-техник дастурларни шакллантиришнинг эски тизими тубдан ислоҳ қилиниб, янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш, стартап лойиҳаларини амалга ошириш, интеллектуал мулк қатнашадиган янги корхоналарни шакллантириш ва рационализаторлик фаолиятини ривожлантириш учун кенг имконият пайдо бўлди. Республикани инновациялар соҳасидаги глобал рейтингдаги илғор 50 та мамлакатлар рўйхатига киритишга қаратилган стратегик дастур тасдиқланди, илмий лойиҳаларни молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий этилди, илм-фан соҳасида юқори малакали кадрларни молиявий рағбатлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилди.

2020-2021 йилларда Бухоро давлат университети олимларининг ташаббуси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг қўллаб-қувватлаши натижасида университет ҳузурида турли ихтисосликларда фан докторлари (DSc) ҳамда фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгашлар очилди. Сўнгги икки йилда янги 2 та ихтисослик бўйича (DSc) фан доктори, 15 та ихтисослик бўйича 8 та (PhD) фалсафа фанлари доктори бўйича илмий кенгашлар фаолиятининг йўлга қўйилганлиги ҳам фикримизнинг амалий исботидир.

Шу қисқа давр ичида илмий кенгашларда жами 97 та диссертация ишлари 100 фоиз овоз билан ҳимоя қилиниб, диссертантларимиз фалсафа фанлари доктори (PhD) дипломини қўлга киритдилар. 13 нафар тадқиқотчиларимиз муддатдан олдин ҳимоя шоҳсупасига чиқди. Кенгашларнинг очилиши ҳам айнан ёшлар манфаатини ўйлаб қилинган хайрли ишлардан саналади.

Энг муҳими, бугунги кунда университетимизда мамлакатимизда ягона бўлган “UNIWORK” кенг имкониятли тизимда ишлашга ўтилди.

Умуман олганда, юртимизда олий таълим соҳасидаги ўзгаришлар, кенг қамровли ислоҳотлар соҳада рақобат муҳитини яратишга, таълим тизимини мазмун ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига олиб келади.

Отабек ҚАҲҲОРОВ,

Бухоро давлат университети

Илмий ишлар ва инновациялар

бўйича проректор,

и.ф.д (DSc), доцент

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?