Бухорода “Нафосат — 2020” фестивали бўлиб ўтмоқда

10:51 21 Ноябрь 2020 Маданият
461 0

Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кийиниш маданиятини янада ривожлантиришни ҳаётнинг ўзи тақоза этмоқда. Чунки бу миллий қиёфани сақлашнинг асосий омилларидан саналади. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш комиссиси ташаббуси кўра, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Бухорода “Нафосат — 2020” фестивали ўтказилмоқда.

Кейинги йилларда жамиятимизда хотин-қизлар мавқеини янада ошириш, уларнинг давлат ва жамоат ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.Фестивалнинг “Саҳид Зарафшон” меҳмонхонасида ташкил этилган очилиш маросимида ана шу алоҳида таъкидланди.

Сир эмас, ижтимоий ҳаётда аёллар ўрни ортиб борар экан, уларнинг кийиниши, ташқи кўринишига эътибор ошади. Менталитетимизга мос миллий ва замонавий руҳдаги либослар дизайнини яратиш, шундай кийим-кечакларни тарғибот қилиш долзарб аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан Бухоро дизайнерлари ва ҳунармандлари томонидан яратилган миллий либослар кўргазмаси, “Аёллар ва ёшлар орасида кийиниш маданияти” мавзуидаги семинар-тренинг, етакчи дизайнерларнинг “Мода ва анъаналар”, “Ўзбек аёлининг имижи” каби мавзуларда қилинган маърузалар фестивал иштирокчилари, жумладан, хорижлик ва республикамизнинг турли вилоятларидан келган мутахассисларда катта таассурот қолдирди.

— Миллий ва замонавий либослар тарғиботига бағишланган бу нуфузли тадбирда қатнашаётганимиздан жуда хурсандмиз, — дейди бухоролик ҳунарманд М. Салимова. — Оилавий корхонамизда маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилаётган кийимлар миллий менталитетимизга мослиги, киши саломатлиги учун фойдалилиги, сифати билан алоҳида ажралиб туради. Биз ҳатто пандемия шароитида ҳам фаолиятимизни тўхтатмадик. Ишчиларимиз уйларида туриб буюртмаларимизни адо этишди. Натижада уч ой ичида хорижга 110 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларимизни экспорт қилишга муваффақ бўлдик. Бундан етти-саккиз йил аввал 20 чоғли ишчимиз бор эди. Кейинги икки-уч йил ичида улар сони 100 нафардан ошди. Буни давлатимизнинг биз, халқ амалий санъати усталарига яратиб бераётган шарт-шароити самараси деб биламан.

Бухорода фестивал тадбирлари давом этаяпти. Унга кўра, “Бухоро миллий либослар тарихи” модалар намойиши, “Овация” модалар театри чиқишлари, мавзуга оид давра суҳбатлари ўтказилади. Шунингдек, унинг қатнашчилари Бухоронинг етакчи корхоналарида ҳам бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишмоқдалар.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?