Бухорода «Халқаро зиёрат туризми» ҳафталиги доирасида тадбирлар бўлиб ўтмоқда

17:55 02 Ноябрь 2022 Жамият
441 0

Фото: Халқ сўзи

Қадимий ва навқирон Бухоро айни дамда бир қатор хорижий ташкилотлар вакиллари, диний уламолар, сайёҳлик соҳаси фаоллари иштирокида «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» доирасидаги қатор тадбирларга мезбонлик қиляпти.

Мамлакатимиз Президентининг 2022 йил 30 апрелдаги «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўтказилаётган мазкур тадбирдан кўзланган мақсад юртимиз сайёҳлик салоҳиятини юзага чиқариш, зиёрат туризми имкониятларидан оқилона фойдаланишдан иборат.

— Биламизки, Бухоро ислом динининг маркази, «Шариф шаҳар», «Шаҳарлар имоми» каби номлар билан эъзозланади, — дейди ёш тадқиқотчи олим Шавкат Бобожонов. — Шаҳар, айниқса, Нақшбандия тариқатига асос солинган замин бўлгани боис ҳам маълум ва машҳур. Бугун дунёда 40 миллион нафардан ортиқ Нақшбандийлар бор. Уларнинг аксарияти Туркия, Малайзия ва Индонезияда истиқомат қилади. Мазкур тариқатнинг етти пири зиёратгоҳларининг ҳам бир жойда, яъни Бухорода эканлиги мусулмон зиёратчилари, айниқса, Нақшбандийларни ўзига доим чорлаб туради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан бошланган «силсилаи заххоб» (олтин занжир) ҳалқаларининг ўнинчидан ўн олтинчигача бўлган пиру комиллари — Абдулхолиқ Ғижувоний, Ориф Ревгарий, Анжир Фағнавий, Али Ромитаний, Бобойи Самосий, Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбандлар бир заминда эканлиги ҳам Бухоронинг зиёрат туризми борасидаги салоҳиятини кўрсатиб турибди.

Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг ўтган даврида Бухоро шаҳрида сайёҳлар оқими кўпайган. Чунончи, тўққиз ойда Бухорога 2 миллион 200 минг маҳаллий, 460 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Уларнинг салмоқли қисмини зиёратчилар ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Бухорода ўтказилаётган ҳафталик доирасидаги дастлабки тадбир «Ўзбекистон исломий мероси» мавзусига бағишланди. Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида ўтган бу анжуманда хорижий меҳмонлар, диншунос олим ва тадқиқотчилар қатнашдилар.

Анжуманда сўз олган Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов юртимизда исломий қадриятларга бўлган эътибор ҳақида далиллар асосида мулоҳаза юритиб, Абу Ҳафз Кабир, Имом ал-Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк аждодларимизнинг бой мероси бугунги кунда ҳам аҳамиятини асло йўқотмаганини, уни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга етказиш борасидаги ишлар хусусида тўхталди. Шундан сўнг сўз олган Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Ҳ. Ишматбеков, Баҳоуддин Нақшбанд жомеъ масжиди имом хатиби А. Раззоқов ва бошқалар Ўзбекистон исломий маданияти, унинг илдизлари, бу маданиятнинг зиёрат туризмини равнақ топтиришдаги ўрни хусусида фикр- мулоҳаза юритдилар.

Юртимизнинг ушбу муаззам манзилида ҳафталик тадбирлари давом этмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?