Бухорода ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтмоқда

13:26 22 Сентябр 2022 Жамият
454 0

Фото: Халқ сўзи

Бухоро шаҳрида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.Тадбирда вилоятда тўқимачилик, нефть- газ, озиқ- овқат, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм сингари қатор йўналишларда фаолият кўрсатаётган 140 та корхона 500дан зиёд турдаги маҳсулот билан иштирок этмоқда. Қатнашчилар орасида республикамизнинг турли минтақаларидан келган тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳам бор.

— Андижон вилоятидан келдик, — дейди ўзини «Қўрғонтепатехномаш» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аҳмаджон Мамедов дея таништирган тадбиркор. — Корхонамиз қишлоқ хўжалиги техникалари учун бутловчи материаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.Маҳсулотларимиз тури 100 дан зиёд.Маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаяпмиз.Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш алоҳида эътиборда.Масалан, культиваторни қишлоқ хўжалиги корхоналари хориждан 33 минг АҚШ доллари эвазига харид қилишади.Биз уни нисбатан арзон нархларда ишлаб чиқараяпмиз.Сифатига кафолат берамиз.Бухорода ўтказилаётган ярмаркада янги ҳамкорлар топиш ниятидамиз.

— Ушбу ярмаркага туманимиздан тўртта йирик саноат корхонаси иштирок этмоқда, — дейди Қоракўл туман ҳокимлиги ташқи савдо бўлими бош мутахассиси Ҳамроқули Ёшузоқов. — Улардан бири «Real teks Qorako’l» масъулияти чекланган жамиятидир.Бу ерда айни дамда 525 киши меҳнат қилмоқда.Маҳсулотнинг 85 фоизи хорижга экспорт қилиняпти.Тармоқлараро кооперация алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлашда, ўзаро тажриба алмашишда бу ярмарканинг ўрни катта, албатта.

Тадбирнинг очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов сўз олиб, ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасининг аҳамияти хусусида тўхталди.Таъкидланишича, у иқтисодиётни эркинлаштириш ва ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича туб ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»га оид Давлат дастури тўғрисида»ги Фармон ижросини таъминлаш борасидаги тадбирлардан биридир.

Шу билан бирга, тадбир қурилиш материаллари, тўқимачилик, нефть ва газ саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм саноати учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қоракўлчилик ва бошқа соҳаларда тармоқ ва ҳудудий корхоналар ўртасида кооперация алоқаларни янада мустаҳкамлаш билан бирга кичик бизнес субъектлари учун ҳам катта имкониятлар эшигини очади. Зеро, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, тармоқлар ва ҳудудлар ўртасида ўзаро кооперация бўлмас экан, қўшилган қиймат занжирини ва янги индустриал тараққиётни тасаввур этиш мушкул.

— Вилоятимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми
2021 йилда 20,8 триллион сўмни ташкил этди, — деди жумладан вилоят ҳокими. — Шунингдек, жорий йилнинг январь-август ойларида 16,0 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, йил якуни билан бу кўрсаткич 23,0 триллион сўмни ёки ўтган 2021 йилга нисбатан 106,0 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, Бухоро вилоятида 380 дан зиёд хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ва 4 900 дан ортиқ саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Очилиш маросимидан сўнг вилоят ҳокими бошчилигидаги масъуллар ярмаркага қўйилган маҳсулотлар билан танишиб, тадбиркорлар билан мулоқотга киришдилар.

Ярмарка эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер