Бухорода диск чуррасини жарроҳлик амалиётисиз даволашга киришилди

12:04 13 Май 2024 Жамият
371 0

Архив сурат

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Жанубий Кореянинг Бухоро шаҳридаги «Himchan» клиникасида диск чуррасини яъни бел оғриғини илк бор раж катетири воситасида даволашга киришилди. Дастлабки олти нафар беморга нейропластика усулида бепул муолажа кўрсатилди.

— Кузатишлар кўрсатаяптики, Ўзбекистондаги ҳар ўн кишининг икки нафари бел чурраси билан боғлиқ муаммога дуч келяпти, — дейди замонавий даволаш усули қўлланилиши муносабати билан Бухорога келган «Himchan» клиникалар тармоғи асосчиси ва раҳбари, профессор Лее Су Чан. — Бу асосан ҳаддан зиёд оғир жисмоний меҳнат оқибатида юзага келадиган дард саналади. Биз Бухородаги клиникамизга Жанубий Кореядан тажрибали шифокорларимизни жалб этган ҳолда шундай жарроҳлик амалиётларини ўтказишни бошладик. Бу жарроҳлар маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда ишлаб, ўз тажрибаларини улар билан баҳам кўришади.

Профессор Лее Су Чаннинг таъкидлашича, бел чуррасини жарроҳлик амалиётисиз ва кесмаларсиз даволаш, бунда раж катетиридан фойдаланиш беморларнинг тез соғайиб, оилалари бағрига қайтишларига имкон беради. «Himchan»нинг Жанубий Кореядаги асосий клиникасида бу борада бой тажриба тўпланган.

— Илгари бир қатор шифохоналарда даволанганман, — дейди беморлардан бири Мурод Икромов. — Муолажалардан кейин белимдаги оғриқ бир муддат йўқолар, кейин эса дард яна безовта қиларди. Мазкур клиникада замонавий усулда даволашди. Атиги 20 дақиқа давом этган муолажадан сўнг ўзимни анча енгил ҳис қиляпман.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, «Himchan» клиникаси 2019 йилда Бухоро шаҳрида ўз тармоғини очган. Айни пайтда жаҳоннинг 10 та шаҳрида унинг филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?