Бухоро вилояти делегацияси Индонезияда қандай масалалар бўйича музокара ўтказмоқда?

18:29 13 Октябр 2022 Жамият
268 0

Фото: Халқ сўзи

Индонезияда Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк аждодларимизнинг таълимоти, бой меросини ўрганиш, улар туғилиб ўсган Бухоройи шарифни зиёрат қилиш истагидаги кишилар бениҳоя кўп. Айнан шу йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш мақсадида Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов бошчилигидаги делегация айни пайтда Индонезияда бўлиб турибди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Олимжон Жўраевнинг хабар беришича, делегация аъзолари ташриф аввалида дунёнинг энг йирик мусулмон ташкилотларидан саналган Надҳлатул Уламо раисати билан учрашдилар. Учрашувда мазкур раисат раҳбарияти Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан улуғ алломалар илмидан индонезияликлар ҳам баҳраманд бўлиб келаётганини таъкидлади ҳамда юртимиздаги табаррук қадамжоларга сайёҳларни кенг жалб қилиш борасида ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди. Ўз навбатида делегация раҳбари Б. Зарипов Бухоронинг зиёрат туризми соҳасидаги имкониятлари ҳақида тўхталиб, юртимизда соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталди. Томонлар тарғибот ишларини самарали ташкил этиш, чунончи, Бухорода ислом дунёси олимлари иштирокида анжуманлар ўтказиш, тасаввуф, тариқат уламолари илгари сурган ғояларнинг умумбашарий аҳамиятини атрофлича очиб бериш, Бухоро ва Бухорийлар ҳақида ҳужжатли фильмлар олиш, уларни Индонезия телеканаллари орқали намойиш этиш, авиақатновларни йўлга қўйиш каби масалалар юзасидан ўзаро фикрлашдилар.

Ташриф доирасида Индонезия Парламенти Вакиллар палатаси Спикерининг Саноат ва тараққиёт масалалари бўйича ўринбосари Раҳмат Гобел билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Жаноб Раҳмат Гобел Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш ҳақида фикр-мулоҳаза юритди. Суҳбатда тўқимачилик, нефть-газ саноати, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм соҳаларида ҳамкорликка оид фойдали таклифлар ўртага ташланди.

Бухоро вилоят делегациясининг Индонезияга ташрифи давом этмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер