Бухоро ва Жиззах вилоятларидаги ўрганиш натижалари Қўмита мажлисида муҳокама қилинди

14:58 13 Октябр 2023 Жамият
292 0

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан Бухоро вилоятида хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Жиззах вилоятида эса аёллар бандлигини таъминлаш  самарадорлигини оширишга кўмаклашиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш якунлари қизғин муҳокама қилинди. 

Дастлаб Бухоро вилоятидаги ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, жорий йилнинг 8 ойи давомида Бухоро вилояти бўйича 62,8 минг хотин-қизлар онкологик скрининг текширувидан ўтказилган. Малакали шифокорлардан ташкил топган 95 та тиббиёт автобуси орқали вилоятнинг барча ҳудудлари, жумладан, чекка ва олис ҳудудларда жойлашган маҳаллаларда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, шу жумладан, хотин-қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган.

Хусусан, вилоят бўйича 10 мингдан зиёд нуроний онахонлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 311 нафари зарур дори-дармонлар, озиқ-овқат, пойабзал билан таъминланган. 370 нафарига санаторийларда даволаниш ташкил этилиб, 599 нафарига реабилитация воситалари тақдим этилган.

Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ҳам айтиб ўтилди. 

Айрим туман ва шаҳарларда ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни ёд препарати билан таъминлаш ишлари талаб даражасида эмас. Хусусан, Қоровулбозор туманида белгиланган режа 20 фоизга, Когон шаҳрида 32 фоизга, Ромитан туманида 50 фоизга бажарилган.

“Аёллар дафтари”даги ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш жиҳатдан ўрганилганда 2023-йилнинг ўтган 8 ой даврида бандлик бўлимларининг ўрни пастлигича қолмоқда.

Хусусан, ишсиз 26 369 нафар хотин-қизлардан атиги 2050 нафари (9 фоизи) бандлик бўлимлари томонидан ишга жойлаштирилган. Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига Хотин-қизлар тадбиркорлик марказини тугатган 3522 нафар аёлнинг 25 фоизи (894 нафари) бандлиги таъминланган.

Шундан сўнг Жиззах вилоятида аёлларни иш билан таъминлаш, ишсиз хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш, уларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, вилоятда жорий йилнинг 8 ойи давомида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига иш сўраб мурожаат қилган ва рўйхатга олинган хотин-қизлар сони 15 958 нафарни ташкил этди. Улардан 8 624 нафари ишга жойлаштирилди, 4675 нафари касбга ўқишга юборилди, яна 2556 нафар хотин-қиз жамоат ишларига жалб этилди ҳамда 103 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди. 
2023-йилнинг 8 ой давомида хорижий давлатлардан қайтган 3 409 нафар хотин-қизнинг 1 954 нафари бандлиги таъминланди. Шундан  375 нафари  касб-ҳунарга ўқитилди, 363 нафарига ўзини-ўзи банд қилишда кўмаклашилди ҳамда 1 088 нафари ўзи мустақил ва норасмий секторда иш билан банд бўлди.

Шунингдек, 14 742 нафар хотин-қизга ҳудудий тижорат банклари томонидан “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури доирасида 185,6 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга бир қатор хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилаётганлиги айтиб ўтилди. 

Вилоят бўйича ўтказилган 102 та меҳнат ярмаркасида 2 021 та корхона томонидан 11 505 та бўш иш ўрни таклиф этилган. Амалда мазкур бўш иш ўринларига 2353 нафар фуқаро (963 нафар аёл) ишга жойлаштирилган бўлиб, бўш иш ўринларидан бор-йўғи 20 фоизидан унумли фойдаланилган.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизларни доимий ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар улуши жуда паст даражада қолмоқда.

Ҳар икки вилоятда олиб борилган ўрганиш натижаларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унда белгиланган белгиланган вазифалар ва топшириқларни ўз вақтида, пухта ва сифатли бажариш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларига аёлларни иш билан таъминлаш, ишсиз хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш ишларини мониторинг қилиб бориш, бажарилиши лозим бўлган вазифалар устидан қатъий депутатлик сўрови назоратини ўрнатиш, юзага келган муаммолар юзасидан депутатлик амалиётидан кенг фойдаланиш орқали ҳал этиш чораларини кўриш, амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш борасида тавсиялар берилди.

Муҳокама якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?