Бухоро шаҳридаги 153 та хонадон табиий газ тармоғидан узилди. Нега?

15:23 28 Октябр 2020 Жамият
185 0

Кечқурун уйига қайтган Тошболта Очилов турмуш ўртоғининг қош – қовоқ осиб олганини кўриб пинагини бузмади. Аммо ҳа деганда овқату чой келавермагач, сабри чидамади. ”Овқат- повқатинг йўқми”, деб зарда қилди. Лекин хотинининг «Бизни табиий газ тармоғидан узиб кетишди», деганини эшитиб, дами ичига тушиб кетди.

Нима ҳам қилсин? Ўзидан ўтди. ”Газчи”лар «Ака, табиий газдан фалон сўм қарзингиз бор», дея деб бир эмас, уч- тўрт бор айтишди. Огоҳлантириш хати ҳам ташлаб кетишди. Вақтида қарзини узганида шу дилхиралик бўлмасди.

Тошболта Очилов эрталаб тура солиб, газдан қарзини узгани югурди.

— Истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини ошириш муҳим вазифалардан саналади, — дейди «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали матбуот котиби Моҳигул Абдуллаева. — Корхонамиз томонидан бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларга бириктирилган инспекторлар фойдаланилган табиий газдан юзага келган қарздорлик бўйича туман ва шаҳарларда иш олиб боришмоқда. Улар аҳоли хонадонлари ва улгуржи истеъмолчиларга қарздор эканликларини эслатиб, огоҳлантириш хати беришяпти.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 июндаги «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида»ги Фармони асосида ташкилот  томонидан қарздорлик бўйича чиқарилган огоҳлантириш хатига асосан қарздор белгиланган муддат ичида тўловни амалга оширмаса унинг хонадонига вақтинчалик табиий газ таъминоти тўхтатилади.

Ўтган август ва сентябрь ойларида вилоят бўйича жами 6947 та хонадонларга 935 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик бўйича огоҳлантириш хатлари берилган. 714 тага яқин хонадон эса тўловни амалга оширмаганлиги сабаб тармоқдан узилган.

Биргина Бухоро шаҳри мисолида оладиган бўлсак, ҳудудда истиқомат қилувчи қарздор фуқароларга 1367 та огоҳлантириш хати чиқарилган. Уларнинг 948 таси тўловни амалга оширган бўлса, 419 таси огоҳлантириш хатини олганлигига қарамасдан вақтида қарздорик тўловини амалга оширмаган. Натижада бугунги кунга қадар жами 105 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик учун 153 та хонадон табиий газ тармоғидан узилди.

Эслатма тариқасида айтиш ўринли: аҳоли томонидан қарздорликни вақтида бартараф этиш турли муаммоларнинг келиб чиқмаслигига, шунингдек, «зангори олов»нинг хонадонларга бир маромда етиб боришига хизмат қилади.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?