Бухоро шаҳрида “Европа кино кунлари” бўлиб ўтмоқда
Фото: Халқ сўзи
Тадбир “Ипак йўли дурдонаси “ XV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ташкил этилди.

— Европа кинофестивали — кино санъати мухлислари узоқ кутган воқеа,— дейди тадбирнинг “Бухоро” кинотеатридаги очилиш маросимида иштирок этган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.—Анжуман маданиятларни бирлаштириш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Фестиваль дастуридан Европанинг совриндор, кўпчиликнинг қалбини забт этган фильмлар ўрин олган. Уларда кўтарилган глобал масалалар Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Бугунги тадбирнинг кўҳна Бухорода ўтказилаётгани, томошабинларнинг аксарияти ёшлар экани ҳам кишини қувонтиради.
Уч кун давом этиши кўзда тутилган кино кунларида томошабинлар эътиборига Франция, Бельгия, Германия, Португалия каби Европа давлатлари ижодкорлари томонидан яратилган картиналар текин намойиш этиляпти. “Менга турмушга чиқ”, “Менинг ўйларим сокин”, “Санремо”, “Луссу” каби фильмлар шулар жумласидан. Бу картиналарда инсоннинг ўзлигини англаш йўлидаги қувонч ва изтироблари, ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатлари, оила қадр – қиммати каби мавзулар ўзига хос йўсинда ёритиб берилган.
— “Европа кино кунлари” маданий ҳаётимиздаги катта воқеадир,— дейди “Ўзбеккино”нинг Бухоро вилоят бўлими раҳбари Али Чориев.— У томошабинларимизга “кўҳна қитъа”нинг таниқли киноижодкорлари томонидан яратилган асарлар билан танишиш имконини бермоқда. Бундан ташқари, фестиваль Бухоронинг туристик салоҳиятини дунёга кўз-кўз этиш нуқтайи назаридан ҳам аҳамиятлидир. “Ипак йўли дурдонаси “ XV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида кўплаб давлатларнинг таниқли режиссёрлари, операторлари Бухорога келиб, қадимий шаҳримизнинг диққатга молик жойлари билан танишяптилар. Масалан, Туркия, Россия Федерацияси киноижодкорлари айни дамда шаҳримизда бўлиб туришибди. Улар бўлғуси киноасарларни суратга олиш учун жой танлашяпти. Бинобарин, бу соҳадаги ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг