Бухоро, Қарши, Навоий ва Термиз олимпия ва паралимпия захиралари коллежларида велоспорт турлари бўйича бўлимлар ташкил этилди

16:45 01 Декабрь 2022 Сиёсат
387 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Жорий йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси Раиси Танзила Нарбаева бошчилигида Велоспортни ривожлантириш бўйича Республика кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференсалоқа тарзида ўтган мазкур йиғилишда Велоспортни ривожлантириш бўйича республика кенгаши аъзолари, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вакиллари иштирок этди.

Унда мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 24 сентябрдаги «Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси, хусусан, велоспорт турларини аҳоли ўртасида оммавийлигини ошириш, Миллий терма жамоа аъзоларини Осиё ва Параосиё ўйинларида, Осиё чемпионатлари, Жаҳон чемпионатлари ва кубоклари ҳамда бошқа йирик мусобақаларда муносиб иштирок этиши, юқори натижаларга эришишини таъминлаш каби бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси Раиси Т.Нарбаева жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида паравелоспорт турларини оммавийлигини ошириш ҳамда иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда саралаш бўйича федерация ва Миллий паралимпия қўмитаси билан ҳамкорликда тизимли ишлар йўлга қўйилганини таъкидлаб, яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланган ёшларимиз халқаро мусобақаларда ўз иқтидорларини кўрсатиб, 2022 йили Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Пара Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Умуман 2022 йилда терма жамоа аъзолари нуфузли халқаро мусобақаларда 50 та медални қўлга киритди. Жумладан, терма жамоа Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, UCIнинг Осиё қитъаси рейтингида “Tashkent City Women Professional Cycling Team” жамоаси 1-ўринни (Дунё рейтингида 20-ўрин), “Tashkent City Professional Cycling Team” жамоаси 3-ўринни (Дунё рейтингида 40-ўрин) эгаллади.

Президентимизнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонига мувофиқ, велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Олга Забелинская «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланди.

Велоспорт ривожи учун ҳудудларда тегишли инфратузилмани ривожлантириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, Жиззах шаҳридаги Сангзор кўли ҳудудида дунё андозаларига жавоб берадиган BMX спорт мажмуаси барпо этилди ва унга Халқаро велосипедчилар иттифоқи томонидан Сертификат топширилди.

2022 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани тоғ ҳудудида велоспортнинг «МТВ» тоғ велоспорти экстримал тури бўйича Халқаро велосипедчилар уюшмаси (UCI) талабларига жавоб берадиган халқаро велоспорт мусобақалари ўтказишга мўлжалланган 5.5 км масофадаги биринчи велосипед йўлаги (трасса) халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда барпо этилди.

Бухоро, Қарши, Навоий ва Термиз олимпия ва паралимпия захиралари коллежларида велоспорт турлари бўйича бўлимлар ташкил этилди.

Шу билан бирга Велоспорт федерациясининг вилоят бўлинмалари фаолиятини юритиши учун моддий-техник базани яратиб беришда ҳудудларда камчиликлар борлиги ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, ҳудудий бўлинмалар учун маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан ҳар йили 40 донадан велосипед ажратиш, шунингдек, велосипедчиларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2 тадан «Дамас» русумли автотранспорт ажратиш ишлари Андижон ва Бухоро вилоятларида эътибордан четда қолиб кетган.

Йиғилишда спорт-таълим муассасаларини велоспорт турлари бўйича давлат ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган спорт анжомлари, жиҳозлари, кийимлари ва экипировкаси билан таъминлаш масаласи, Ўзбекистон велоспорт федерацияси ҳузуридаги Ўзбекистон профессионал велосипедчилар спорт клуби фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Ҳудудларда паравелоспортни ривожлантириш мақсадида спорт таълим муассасаларида иқтидорли параспортчилар билан машғулот олиб борадиган малакали тренерлар, спорт инвентарлари (велосипедлар) билан таъминлашни йўлга қўйиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Шунингдек, велоспортни ривожлантириш учун инфратузилма зарурлиги, бунинг учун шарт-шароитлар яратиш, бунда айниқса, ҳудудларга эътибор қаратиш лозимлиги, Федерациянинг бўлинмалари ва спорт объектларида молиявий ва моддий-техник базани мустаҳкамлашга қаратилган ишларни жадаллаштириш кераклиги таъкидланди. Ҳудудларда велоспорт турларига ихтисослашган турли спорт мажмуалари қурилиши бўйича режаларнинг бажарилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кўриб чиқилди.

Ўз навбатида, йиғилиш давомида велоспорт турларини ҳудудларда ривожлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар, истиқболдаги режалар, шу жумладан, ушбу спорт турларига ёшларни кенг жалб қилиш, уларни аниқлаш, танлаш ва саралаб олиш (селекция) профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш вазифалари белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер