Бухоро давлат тиббиёт институтининг 1-босқич талабалари Афшона қишлоғида қасамёд қабул қилишди

15:42 07 Сентябр 2022 Жамият
368 0

Фото: Институт ахборот хизмати

Aбу Aли ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг 1-босқич талабалари аллома туғилиб ўсган Пешку туманидаги Афшона қишлоғида буюк табиб ҳайкали пойида қасамёд қабул қилиш маросими олийгоҳ ташкил этилган кундан буён анъанавий тарзда давом этмоқда.

Институт ахборот хизмати томонидан «Халқ сўзи»га маълум қилинишича, жорий йилда ҳам институтга қабул қилинган 1100 нафарга яқин бўлажак шифокорлар касбига садоқатли бўлиш, ҳар қандай шароитда тиббий ёрдам кўрсатишга, ўз манфаатига берилмаслик учун бор куч ва ғайратини сарфлашга, ҳалол бўлишга қасамёд қилди. Абу Али ибн Сино ёдгорлик пойига гуллар қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Шунингдек, ёшлар фикрлар ва ишлар поклиги, юксак ишонч ва ажралмас нажот рамзи сифатида оқ халат кийишнинг рамзий маросимини ўтказилди.

Фото: Институт ахборот хизмати

Институтда талаба-ёшларнинг пухта билим олиши учун барча шароит яратилган. Бухоро шаҳридаги барча тиббиёт муассасалари ва туманларда клиник базалар ташкил этилиб, назарий ва амалий жараён параллель олиб борилмоқда.

Шу билан бирга жорий ўқув йилида ишга тушиши мўлжалланган янги кампусда замонавий симуляцион марказ ташкил қилиниб, замонавий симуляторлар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, институтда барча курсларида айрим мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитиш йўлга қўйилган. Институт томонидан сўнгги уч йил мобайнида хорижий мамлакатларнинг элликка яқин нуфузли олий таълим муассасалари ва компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзолангани ҳам диққатга сазовор.

Россия, Ҳиндистон, Хитой, Полша, Италия каби давлатларнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкил этилиб, унда ҳам талабалар қабул қилинмоқда.

Фото: Институт ахборот хизмати

Таъкидлаш жоизки, бу йил Бухоро давлат тиббиёт институти Ўзбекистон олий ўқув юртлари миллий рейтингида ўтган йилга нисбатан 2 поғонага кўтарилиб, 10-ўринни эгаллади.

Талабаларнинг қасамёд қабул қилиш тадбирида Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев, Пешку тумани ҳокими Ваҳоб Қаҳҳоров ҳамда шу кунларда Бухоро вилоятида ўтказилаётган «Биринчи Ўзбекистон — Исроил академик форуми»да иштирок этаётган исроиллик олимлар, ректорлар иштирок этишди.

Тадбир доирасида Абу Али ибн Сино музейига саёҳат ҳам ташкил қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер