“BUILD PRO EXPO – 2025” халқаро кўргазмаси иш бошлади

17:17 03 Ноябрь 2025 Жамият
247 0

Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” мажмуасида “BUILD PRO EXPO – 2025” — қурилиш ва пардозлаш материаллари, махсус қурилиш ускуналари ҳамда техникаларининг халқаро кўргазмаси бошланди.

Ушбу йирик саноат тадбири Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардан етакчи компаниялар, меъморлар, лойиҳачилар, муҳандислар ҳамда инвесторлардан иборат 100 дан ортиқ компания ва 7 000 га яқин иштирокчини бирлаштирди.

Кўргазманинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этиб, вилоятда қурилиш материаллари ва ускуналари ишлаб чиқариш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларга бўлган талабни қондириш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталиб ўтди.

“SOF EXPO Samarkand” мажмуасида маҳаллий корхоналардан ташқари Туркия, Жанубий Корея, Хитой, Беларусь, Россия, Озарбайжон каби 10 дан ортиқ хорижий давлатлардан келган тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Кўргазмада қурилиш материаллари, муҳандислик тизимлари, интерьер ва экстерьер дизайн, архитектура, “ақлли” технология ва барқарор қурилиш маҳсулотлари намойиш қилинмоқда.

“BUILD PRO EXPO – 2025” қурилиш саноатидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, янги технологияларни жорий этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг салоҳиятини намойиш қилиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, тадбир қатнашчилари қурилиш соҳасидаги сўнги янгиликлар билан танишиш ва етакчи компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятига эга бўлишади.

Мазкур кўргазма 5 ноябрга қадар давом этади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?