Бугунги ёшлари албатта газета ўқиши керак

17:11 09 Февраль 2024 Жамият
451 0

Бугун мамлакатимизда дунёда кечаётган турфа жараёнларни теран нигоҳ билан кузата оладиган, кенг билим ва дунёқараш ҳамда ҳаётий позицияга эга баркамол авлод таълим-тарбияси энг устувор вазифаларимиз сирасига киради. Айни жараёндаги эзгу ташаббуслар эса келажагимиз ворисларини ҳар жиҳатдан юксак маънавиятли, маърифатли бўлиб улғайишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Фарғона вилояти мусиқали драма театрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган очиқ мулоқот “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” деб номланди. Унда вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари, маданият, спорт, туризм ҳамда Ёшлар агентлиги тизимида самарали фаолият олиб бораётган ёш мутахассислар ҳамда фаол ёшлар вакиллари қатнашди.

Шунингдек, тадбирда юртимизнинг таниқли ижодкорлари, зиёлилар, турли соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритиб келаётган йигит-қизлар иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон давлат сатира театри ижодий жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Қалбим соҳили” спектакли намойиш этилди. Шундан сўнг касаба уюшмалари фаолияти, ёшларга оид давлат сиёсати, жадидлар, маънавият соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мавзусида викторина ўйинлари ўтказилди. Саволларга тез ва тўғри жавоб берган 20 нафар ғолибга “Халқ сўзи” газетасига 2024 йил учун бепул обуна сертификати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ҳамда Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти бирлашган қўмитасининг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

— Тенгдошларимиз интернет тармоғи орқали ранг-баранг мавзуларда ахборот олиш имконига эга, — дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали талабаси Зарина Жўрақўзиева. — Аммо аниқ манбага эга, ишончли ва тўғри ахборот олишда даврий босма нашрларнинг ўрни беқиёс. Шу боис бугунги ёшлар албатта газета ўқиши керак. “Халқ сўзи” газетаси эса юртимиздаги сиёсий-ижтимоий, парламент ҳаёти, иқтисодий, маънавий ислоҳотларни кенг тарғиб этишда ҳамиша фаол. Бугун жорий йил давомида ушбу газетани мутолаа қилиш имконини берувчи сертификатга эга бўлганимдан беҳад мамнунман.

Таъкидлаш жоиз, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши бундан буён мунтазам равишда вилоят ёшлари билан очиқ мулоқотлар ўтказиб боришга келишиб олди. Учрашувлар доирасида миллий қадриятларимизни тарғиб этувчи спектакллар намойиш қилиш, долзарб мавзуларда давра суҳбатлари ўтказиш ва шу орқали навқирон авлод қалбида элпарварлик, Ватанга садоқат туйғуларини тарбиялаш мақсад қилинган.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?