Бугун мақбара ва зиёратгоҳи обод қилинаётган Девона бобо ким бўлган?

11:35 18 Ноябрь 2020 Маданият
234 0

Уйчи туманининг Гумбаз маҳалласида «Девона бобо» деб номланган зиёрат маскани бор.

— Девона бобо номи билан машҳур бўлган ўтмишдошимиз Абдураҳим Салимбой сўфи ўғли Аҳмад Яссавий авлодидан бўлиб, бундан 300 йил муқаддам Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғида дунёга келган, — дейди бу зиёратгоҳ ҳақида табаррук инсоннинг олтинчи фарзанди Мирзаёқуб эшоннинг тўртинчи авлоди вакили Ёқубжон Юсупов.

Сайрамлик мулла қўлида хат-савод чиқарган Абдураҳим 16 ёшида Тошкентга келиб, Кўкалдош мадрасасида таълим олади. Отаси Салимбой наманганлик эшон Хўжа Амин билан борди-келдиси бўлганлиги учун ўғлига Наманганга боришини ва эшон бувага мурид бўлишини буюради.

Камтар, камгап ва тиришқоқ Абдураҳим бир неча йил Хўжа Амин тарбиясида бўлади, илм эгаллайди, хизмат қилади. Маълум вақт ўтгач, маҳаллий аҳоли ўртасида «девона» номини олган Абдураҳим Уйчининг Файзиобод қишлоғига кўчиб келади ва шу ерда муқим яшаб, Амир Темур авлодидан бўлган Ойимча ойимга уйланади. Девона бобо қишлоқни обод қилади, одамларни қўллаб-қувватлайди, ўз кароматлари билан беморларни даволайди, ҳожатмандларга ёрдам беради. Қишлоққа сув келтиришдек савоб ишнинг бошида туради.

Айтишларига кўра, кунларнинг бирида Абдураҳим бобо тушь кўради. Улуғ зотлардан бири унга бир илмгоҳ бино қуришини, толиби илмлар у ерда илм ўрганишлари лозимлигини айтади ва ҳозирги зиёратгоҳ бинолари барпо этилади. Мажмуа ичида масжид, мадраса, чиллахона ва мезана-минора жойлашган. Мажмуа узоқ йиллар фаолият кўрсатган. Собиқ тузум даврида «Дин афюндир», шиори остида бу ерга ҳам «диний объект», деб баҳо берилади ва бузиб ташланади. Аммо айрим маърифатпарвар инсонлар ва инсофли раҳбарлар саъй-ҳаракатлари билан мажмуа асоси – Девона бобо мақбараси ва авлоди қабрлари сақланиб қолган. Тадқиқотларга кўра, мазкур биноларнинг қурилиш услуби ва безаклари XVI-XVII асрларга хос экан.

Эндиликда Уйчидаги муқаддас маскан тарихий ёдгорликлар рўй хатига киритилган. Бу жой ўтган асрнинг саксонинчи йилларида маърифатпарвар инсонлар Зиёвиддин Хўжаев ва Зокиржон Қутбиддинов ташаббуси билан таъмирланган эди. 1990 йили унча катта бўлмаган масжид қурилди.

Наманган вилояти ҳокимининг фармойиши билан «Девона бобо» зиёратгоҳини таъмирлаш учун бир муддат аввал 214 млн. сўм, 2020 йилда эса 788 млн. сўм, жами 1 млрд. сўмдан ошиқ маблағ ажратилган бўлиб, «Уйчи пардоз» хусусий корхонасининг қўли гул усталари томонидан мақбара асл ҳолати сақлаб қолинган ҳолда миллий услубда қайта таъмирланмоқда.

Умумий майдони 1,4 гектар жойни эгаллаган зиёратгоҳга ҳамоҳанг равишда ҳашар йўли билан жоме масжиди қурилиши ҳам давом этмоқда. Бу ерда бир вақтнинг ўзида беш минг намозхон ибодат қилиши имкони яратилади.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззоқов куни кеча бу ерда қурувчилар олиб бораётган ишлар билан танишди. Айни жараёнда бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш юзасидан топшириқ берилди. Халқ дилидан жой олган «Девона бобо» мажмуаси тез орада зиёратчиларни қабул қила бошлайди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?