"Бу жараёнда ҳокимлар ҳар жиҳатдан алоҳида ўрнак бўлмоғи шарт. Афсуски, Олмалиқда бунинг акси юз берди!" — Р.Холматов

18:39 13 Октябр 2020 Жамият
405 0

Аввал хабар берганимиздек, бугун Халқ депутатлари Oлмалиқ шаҳар Кенгашининг олтинчи чақириқ навбатдан ташқари XIV сессияси бўлиб ўтди. Кун тартибига кўра, унда ташкилий масала кўриб чиқилди.

Депутатлар вилоят раҳбари Рустам Холматовнинг тавсиясига биноан, бугунгача Тошкент вилояти ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган Ҳамдамов Қобил Муротқуловичномзодини кўриб чиқдилар ва бир овоздан Олмалиқ шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқладилар.

Вилоят ҳокими сессиядаги нутқида таъкидлаганидек, Олмалиқ шаҳрининг собиқ раҳбари Усмон Раҳимовнинг ишдан олинишига яқинда ижтимоий тармоқларда намойиш этилган ва жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлган нохуш ҳолатлар асос бўлган.

— Юртбошимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда очиқлик сиёсати жорий этилди, дейди сессияда сўзга чиққан вилоят ҳокими Рустам Холматов.  — Ҳозир Ватан равнақи, халқ бахт-саодати йўлида ҳалол ишлайман деган раҳбарларга барча шароит яратиб берилган. Олайлик, хизмат машинаси, мўмайгина ойлик иш ҳақи. Муҳтарам Президентимизнинг биздан қатъий талаби фақат битта — камтарлик, халққа хизмат қилиш, одамлар ишончини оқлаш. Хабарингиз бор, яқинда Олмалиқ шаҳри ҳокими билан боғлиқ ҳолат интернетда кенг тарқалди. Замон — тезкор. Ҳар қандай воқелик изсиз қолмайди. Агар у ёмон, нохуш бўлса, эшитиб ич-ичингдан эзиласан киши...

Вилоят раҳбари Олмалиқ шаҳрининг собиқ ҳокими хатолари тўғрисида тўхталаркан, раҳбар киши ўз оиласига, фарзандлари тарбиясига жиддий эътибор бериши лозимлигини таъкидлади. Бу нохуш воқеалар вилоятдаги бошқа раҳбарларга ҳам сабоқ бўлишлиги эслатилди.

Вилоят ҳокими айтганидек, муҳтарам Президентимиз жойлардаги ҳокимлар шахсига, уларнинг оилавий муҳитдаги ўрнига доимо жиддий эътибор қаратиб келмоқдалар. Уларга бундан беш олти йил муқаддам ҳеч ким ўйламаган имтиёзлар берилди. Улар зиммасига юклатилган ортиқча меҳнат соатларига, пахта далаларига аҳолини сафарбар этиш мажбуриятларига чек қўйилди. Энг асосийси, ҳокимларни ўз оиласи бағрида бўлиб, фарзандлари тарбияси билан жиддий шуғулланишлари учун шанба ва якшанба кунларидаги иш соатлари бекор қилинди. Афсуски, Олмалиқ шаҳар ҳокими ўғлининг тўқликка шўхлик тарзида намойиш этган «ҳунарлари» бу оилада ота тарбияси йўқлигини яққол кўрсатди. Бу ҳақида Р.Холматов жумладан бундай деди:

— Юртимизда, айни пайтда вилоятимизда ҳам камбағалликни босқичма-босқич бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ҳокимлар ҳар жиҳатдан алоҳида ўрнак бўлмоғи шарт. Афсуски, Олмалиқда бунинг акси юз берди! Раҳбарнинг оиласидаги нохуш муҳит бўй кўрсатди! Бу мутлақо тушунарсиз ҳолатдир!

Вилоят ҳокими сессия давомида Олмалиқни бундан кейин ҳар томонлама ривожлантириш борасида депутатлар зиммасидаги энг муҳим вазифалар хусусида фикр билдирди.

Сессия ўз ишини якунлади ва унда кўрилган масаллар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ 
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?