Бу миллиардларингиз мени қизиқтирмайди — Президент маслаҳатчиси масъуллардан камчиликлар ҳақида гапиришни талаб қилди

16:04 09 Март 2021 Жамият
2430 0

Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг катта мажлислар залида аёллар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда Сенат Раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, комиссия аъзолари, масъуллар иштирок этди.

Йиғилишда дастлаб комиссия аъзолари қилинган ишлар, вазифалар ижроси юзасидан маълумот берди. Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов комиссия аъзоларидан қуруқ ҳисоботлар, рақамлар, маърузаларни тўхтатиш аниқ камчиликлар, тўсиқлар, камчиликка йўл қўйган масъуллар ҳақида гапиришни сўради.

Видеоселекторда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Абдушокир Раҳимов «Аёллар дафтари»даги хотин-қизларга ажратилаётган ерлар, йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида тўхталди.

«Январь-февраль ойларида режамиз 1780 нафар хотин-қизларни бандлигини таъминлаш эди. Лекин айрим вилоятларимиз маблағдан тўғри фойдаланмаяпти. Масалан, Сирдарё, Навоий, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари кенгаш раислари жуда қаттиқ огоҳлантирилди», деди Абдушокир Раҳимов.

Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов ундан вилоятлар кесимидаги кўрсаткичларнинг пастлиги, мутасаддиларга қандай чора кўрилиши бўйича изоҳ сўради.

«Бу миллиардларингиз мени қизиқтирмайди, бу сизнинг ички ишингиз, кимга нима чора кўрасиз?», дея сўради у. Бундан ташқари Р.Қосимов масъулларга чора кўриш, экин экиш мавсуми ўтиб кетмагунча режадаги вазифаларни бажариш, «Аёллар дафтари»га киритилган аёллар сонини мунтазам ўрганиш, муҳтож аёлларни ўз вақтида рўйхатга киритиш кераклигини айтди.

Абдушокир Раҳимов келгусида қаттиқ ишлашга, камчиликларни тузатишга ваъда берди.

«Сиз бизга ваъда берманг, масала кўтаринг! Эплолмаяпман, қўлимдан келмади денг. Мана бунга, бунга ёрдам беринг денг. Нега шу пайтгача индамай ўтирибсиз. Комиссияга мурожаат қилмоқчиман, йиғилиш ўтказмаймиз бошқа, онлайн ишлаймиз», деди Р.Қосимов.

Федерацияси раиси мутасаддига нисбатан кескин чора кўришни таклиф қилди...

Шу ўринда журналистлар йиғилишни тарк этиши сўралди. Шу боис, афсуски, йиғилишнинг қолган қисми ҳақида ахборот бериш имкониятига эга эмасмиз.

Нима сабабдан журналистларнинг йиғилишдан чиқариб юборилганлиги бўйича бирор изоҳ берилмади. Ваҳолангки, комиссия йиғилишини ёритишга келган аксарият журналистлар таҳририятга йиғилишни ёритиш сўраб ёзилган хат асосида келган эди.

Инобат АҲАТОВА, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер