Бу кунларни орзу қилгандик
Давлатимиз раҳбари касб байрамимизда аввалроқ муаллим, ўқитувчи, устозларга табрик йўллагани биз педагоглар учун катта тарихий воқеа бўлди. Кўп йиллик орзуйимиз ушаладиган кунлар келди. Пайариқдаги 53-мактаб туман марказидан анча олисдаги Каттасайдов қишлоғида жойлашган. Аммо шаҳарлардаги энг яхши таълим муассасаларидан қолишмайди. Бу кунларни биз қанчалик орзу қилгандик.
Давлатимиз раҳбарининг янги таълим сифатига бераётган эътибори туфайли мактабимиз рейтинг кўрсаткичлари бўйича туманда биринчилар қаторидан ўрин олиб келмоқда. Бундан олти, етти йил илгари биноларимиз кўримсиз аҳволда эди. 2019 йилда мактаб қайта қурилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ҳар бир синфхонада ҳам тасвир, ҳам овоз ёзиб олувчи камералар ўрнатилди. Бу таълим сифати ва самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Янги мактабда синовдан муваффақиятли ўтган билимли, ташаббускор ўқитувчилар саралаб олиниб, иш бошлади. Ўқувчиларимиз ҳар чоракда махсус тест синовларидан ўтказилади. Яхши ўзлаштираётганлар рағбатлантирилади, орқада қолаётганларга алоҳида эътибор қаратиб, қўшимча машғулотлар ўтилади. Уларнинг кўрсатаётган натижаларига қараб устозлари ҳам баҳоланади.

Бугунги кунда мактабимизда 670 нафар ўқувчига 55 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келяпти. Устозларнинг қарийб 50 фоизи – олий тоифали. 10 нафарга яқини турли халқаро ва миллий сертификатларга эга. Ҳар бири минг доллар атрофида маош олади. Мактабимизда дарслар биринчи навбатда ташкил этилиб, ўқувчилар куннинг иккинчи ярмида қўшимча тўгаракларга жалб этилади. Ўқувчиларнинг аксарияти кеч соат 18:00 гача мактабда бўлади. Уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида турли клублар фаолият олиб боради. Ўқувчилар шу ерда, қўшимча тўгаракларда ҳам эртанги уйга вазифани бажариб кетади, ҳам турли сертификатлар олиш, олий ўқув юртига кириш учун тайёргарлик кўради. Қўшимча тўгараклар малакали муаллимлар томонидан бепул ўтилади. Нега бепул? Чунки ўқитувчилар ўз устида ишлаганлиги, қолаверса, ўқувчиларининг муваффақиятга эришаётганлиги учун ҳам бериладиган қўшимча устама маблағ ҳисобидан қўшимча рағбатлантирилади. Шу сабаб мактабимиздаги ҳар бир ўқитувчи виждонан меҳнат қилади.
Мактабда ота-оналар билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Ўқувчиларни қизиқишига қараб, тўгаракларга жалб қиламиз. Уйда бўш вақти қандай ўтаётганлиги ҳақида уларнинг ота-оналарига хабар бериб турилади. Тўрт йилдан бери мактаб битирувчиларининг давлат ва хусусий олий таълим муассасаларига қамров кўрсаткичи қарийб 100 фоизни ташкил этяпти. Бизнинг қишлоқ мактабида таълим-тарбия олаётган ёшлар орасида нуфузли танлов ғолиблари, спорт чемпионлари бор. Уларнинг аксарият таълим муассасаларидаги ўқувчиларга ўрнак бўлаётганидан фахрланамиз.
Жўрабек БОЗОРБОЕВ,
Пайариқ туманидаги
53-мактаб ўқитувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг