Бу йилги парламент сайловларининг энг муҳим жиҳатлари нималарда эди? Шавкат Мирзиёев ўз фикрларини билдирди

12:47 18 Ноябрь 2024 Сиёсат
254 0

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бу йилги парламент сайловларининг энг муҳим жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Аввало, улар янгиланган Конституциямизга мувофиқ ўтказилган илк сайлов сифатида тарихга кирди. Ҳуқуқ ва ваколатлари сезиларли даражада кучайган, масъулияти бир неча карра ортган янги халқ вакиллиги тизими шакллантирилди.

Бундан ташқари, ўтган саккиз йиллик даврда халқимизнинг сиёсий тафаккури тубдан ўзгарди, сиёсий маданияти сезиларли даражада юксалди. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли ва иштироки кучайди.

Буларнинг барчаси аралаш сайлов тизимини жорий этишга мустаҳкам замин яратди. Кўплаб давлатларда бундай ислоҳотларни ўтказиш учун ўн йиллар керак бўлган. Шу маънода, Ўзбекистон аралаш сайлов тизимини қисқа фурсатда, дадил жорий этишга эришган кам сонли мамлакатлардан бири, дейишга муносибдир.

Янги тизим ҳар бир сайловчининг овози Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўрни учун муҳим эканини, бу борада адолат тамойили янада кучайганини ҳам кўрсатди.

Сайловлар тўлиқ очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик муҳитида ўтгани, қўлланган замонавий технологиялар ҳам бу жараёнда муҳим роль ўйнагани таъкидланди.

Жумладан, сайловнинг барча босқичлари тўлиқ рақамлаштирилиб, «Э-сайлов» ахборот тизими жорий қилинди. Овоз бериш жараёнларини онлайн кузатиш имкони яратилди, илк бор электрон овоз бериш синовдан ўтказилди.

Сайловларни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби 13 та нуфузли халқаро ташкилот, 40 дан зиёд давлатдан 850 нафар хорижий ва 65 мингдан зиёд маҳаллий кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг мингдан ортиқ вакиллари кузатиб борди.

Президентимиз уларга сайлов жараёнлари ҳақидаги холис фикрлари ва тавсиялари учун ўз номидан, бутун халқимиз номидан ташаккур изҳор этди. Ушбу тавсияларнинг ҳар бири чуқур ўрганилиб, амалиётга татбиқ этиш чоралари кўрилиши таъкидланди”, дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер