Бу ҳаётимдаги энг бахтли онлар бўлиб қолади

18:13 05 Июль 2023 Жамият
396 0

Фото: “Халқ сўзи”

Тарихдан маълум, қайсики давлатда таълимга катта эътибор қаратилар экан, шу мамлакатда иқтисодий-ижтимоий юксаклик ҳукм суради. Шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, республикамизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар эртанги кунимиз учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Бу борада ёш авлоднинг таълим олиш, иқтидори ва салоҳиятини намоён этиш учун шароит яратиш, имконият эшикларини очиш мақсадида амалга оширилган ишлар қувонарли, албатта. Сабаби, юзага келган муҳит йигит-қизларнинг пухта билим олиб, жаҳон талабларига мос ва хос кадр бўлиб етишларида муҳим аҳамият касб этди. Оддий мисол, менинг ўзим Избоскан туманидаги Тошлоқ маҳалласида вояга етдим. Қишлоқ мактабида таҳсил олдим. 2018 йили Андижон машинасозлик институтининг транспорт ва логистика факультетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Ҳозирда 3 та дастурий гувоҳномага эгаман.

Халқаро ва республика миқёсида ташкил этилган илмий-амалий анжуман тўпламларида 50 дан зиёд илмий мақолаларим чоп этилди. 2020-2021 ўқув йили давомида Ислом Каримов номли, 2021-2022 ўқув йилида эса “Ўзбекистон Республикаси Президенти” стипендияси соҳибига айландим. Давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланишим ҳаётимдаги энг бахтли онларимдан бири бўлиб қолади.

Шу боис мутахассислигим бўйича пухта билим олиш, назарий сабоқни амалиётда қўллаш орқали соҳага янгича йўналишни олиб кириш ҳамда юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни муҳим вазифа сифатида белгилаб олганман.

Сарварбек АЗИМОВ, Андижон машинасозлик институтининг 1-босқич магистранти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?