Бозорларда арзон ва сифатли маҳсулотлар савдоси ташкил этилмоқда

13:44 04 Январь 2023 Жамият
442 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон вилоятида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, бозорлардаги нарх-наволар асоссиз ўсишининг олдини олиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи тузилди. Гуруҳ аъзолари ҳудудларда бўлиб, нафақат савдодаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ва сифатини ўрганмоқдалар, балки уларнинг захирасини ҳам назоратга олмоқдалар.

Асака, Шаҳрихон ва Марҳамат туманларида бўлиб ўтган назорат тадбирлари давомида маҳсулотларнинг сифати ва миқдорида камчиликлар топилмади. Қолаверса, савдо фаолияти давомида санитария-гигиена қоидаларига амал қилинмоқда. Бундан, энг аввало, харидорлар манфаатдор ва миннатдор.

— Бундай назорат тадбирлари савдо маданиятини шакллантиради, — дейди Асака туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Абдураҳмон Абдусатторов. — Қолаверса, харидорлар манфаатига хизмат қилади. Бозорлардаги нарх-навога келсак, шахсан мени қониқтиради. Боиси, савдо дўконларида 110-120 минг сўмдан сотилаётган 5 литр писта ёғини бозордан 84 минг сўмга сотиб олдим. Гуруч килоси 7 минг, шакарники 11 ярим минг, картошканики эса 3 ярим минг сўм... Хуллас, баракали бозорлик қиляпмиз, дастурхонимиз ҳам тўкин.

Назорат давомида айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. Мисол учун, Асака тумани Марказий деҳқон бозорига ёндош бўлган Мадиёров номидаги кўчада якка тадбиркорлар томонидан ноқонуний савдо фаолияти ташкил этилган бўлиб, унда маҳсулотлар аралашган ҳолда сотилмоқда. Натижада санитария қоидаларининг бузилиши юзага келган. Мутасаддиларга ишчи гуруҳи томонидан ушбу ҳолатни бартараф этиш ёки тартибга солиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Бозорлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари захираси ҳам қониқарли ташкил этилган. Умуман олганда, айни пайтда вилоятдаги барча бозорларда жами 1500 тонна картошка, 300 тонна пиёз, 200 тонна сабзи, 150 тонна ўсимлик ёғи, 80 тонна гуруч захираси мавжуд. Бу Андижон вилояти аҳолисини январь-май ойларида арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?