Божхона тизимида кинология хизмати ривожланмоқда

19:16 26 Январь 2024 Жамият
324 0

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довуд-ота” чегара божхона пости кичик инспектор-кинологи Парахат Шарипов қарийб 10 йилдан буён ўзининг 4 оёқли содиқ ёрдамчилари — хизмат итлари билан мамлакатимиз сарҳадларида контрабанда ва контрафакт маҳсулотлари ҳамда ноқонуний товар-моддий бойликларнинг мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олишда сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда.

У ҳар гал хизматга отланганида ота-онаси дуосини олиб, мамлакатимизнинг шимолий дарвозаси ҳисобланувчи чегара божхона постидаги хизмат вазифасини бажариш учун кетар экан, баъзан ойлаб оиласидан узоқда бўлади. Ўттиз уч ёшни қаршилаган қаҳрамонимизнинг хизмат қиладиган ўрни Нукус шаҳридан 450 километр узоқликда жойлашган.

Мамлакатимизни қўшни Қозоғистон Республикаси билан боғлаб турувчи халқаро мақомдаги мазкур чегара божхона пости орқали бугунги кунда суткасига ўртача 550-600 та енгил ва юк автотранспорт воситалари ҳамда 3500-4000 нафар фуқароларнинг кириш ва чиқиш йўналишларида ҳаракати таъминланмоқда.

Пост орқали ҳаракатланаётган ҳар бир йўловчи ва автотранспорт воситалари томонидан тақиқланган ашёларнинг мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши ва айланмада бўлишининг олдини олишда божхона ходимларига уларнинг тўрт оёқли сафдош дўстлари яқин кўмакдошдир.

Таъкидлаш жоизки, бошқарманинг кичик инспектор-кинологларига бириктирилган хизмат итлари гиёҳвандлик воситалари ва портловчи моддаларни қидириб топиш йўналишида ўргатилган.

Шунингдек, қўшимча равишда 3 та хизмат итига “Валюта қимматликларини қидириш”, 2 та хизмат итига “Кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва психотроп моддаларни қидириш” ҳамда 1 тасига “Тамаки маҳсулотларини қидириш” йўналишлари ўргатилган.

2023 йил давомида кичик инспектор-кинологларга бириктирилган хизмат итлари ёрдамида чегара ва ички ҳудудда 39 та ҳолат аниқланган. Шундан қаҳрамонимиз Парахат Шариповга бириктирилган “Забар” лақабли хизмат ити ёрдамида 2023 йилда 15,55 грамм. героин, 11,7 грамм. опий гиёҳвандлик воситалари аниқланган.

Давлатимиз иқтисодий хавфсизлиги, юрт тинчлиги йўлида божхона ходимларига камарбаста бўлаётган хизмат итларининг меҳнатлари инобатга олиниб, 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги божхона постларида ўз фаолиятини олиб бораётган тажрибали кичик инспектор-кинологларга бириктирилган хизмат итларидан 3 нафари Ўзбекистон Республикаси божхона қўмитаси “Хизмат ити нишони” билан тақдирланди. Улар орасида Парахат Шариповга бириктирилган “Забар” лақабли ит ҳам бор.

Ҳа, божхона ишида кинология ўзига хос йўналиш ҳисобланади. Замонавий технологиялар қанчалик тараққий этмасин, ҳид билиш бобида бетакрор жонзот – хизмат итларининг ўрнини босадиган, мукаммал қурилма ҳозирга қадар ихтиро қилинмаган.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ҳам 10 дан ортиқ хизмат итлари ёрдамида божхона назоратидан яширилган ноқонуний товарлар ҳаракатига чек қўйилмоқда. Давлатимиз сарҳадларида сергак божхоначиларнинг тўрт оёқли содиқ ёрдамчилари гиёҳвандлик моддалари, портловчи, валюта, тамаки ва кучли таъсир қилувчи воситаларни қидириб топиш йўналишларида самарали хизмат қилишмоқда.

Божхона тизимида кинология хизмати янада ривожланиб, келгусида ҳам ноқонуний товарларни аниқлашда соҳа ходимларига катта таянч бўлишига ишончимиз комил. Фурсатдан фойдаланиб, 26 январь —Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан барча божхона ходимларини самимий қутлаймиз.

Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?