Божхона кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига божхона тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди.

Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланиб, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Шу билан бирга қонунчиликни халқаро нормаларга уйғунлаштириш орқали ташқи савдони янада либераллаштириш зарурати мавжуд.

Муҳокама қилинган Қонун қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишга, товарларни олиб киришда божхона қийматини аниқлашга доир нормаларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилган.
Қонун билан соҳага янги амалиётлар жорий этилмоқда.

Хусусан, божхона ҳудуди реэкспорт божхона режимига жойлаштирилган товарларни олиб чиқиш бўйича аниқ муддатлар, шунингдек реэкспортга олиб чиқилмаган товарларнинг сақлаш жойлари белгиланмоқда.
2018-2020 йилларда божхона омборларига 488 партиядаги қиймати 186,8 млн долларга тенг 125,6 минг тонна товарлар олиб келинган бўлиб, бугунги кунга қадар “божхона омбори” божхона режимида муддати ўтган ҳолда сақланмоқда.
Ушбу Қонун товарлар бир неча бор божхона омбори божхона режимига жойлаштирилганда ёки бошқа шахсга ўтказилганда божхона омбори божхона режимининг умумий амал қилиш муддати 3 йилдан ошмаслиги бўйича аниқлаштирувчи норма билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, Қонунга кўра эндиликда товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги ҳужжат кичик турдаги ташкилотлардан эмас, балки фақатгина йирик давлат улуши бўлган ташкилотлардан талаб этилади.
Мазкур енгиллик тадбиркорлар учун қайта ишлаш режимидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Бундан ташқари, Қонун билан товарлар чиқариб юборилгунига қадар тайинланган божхона экспертизасининг натижалари олингунича товарларни чиқариб юборишга рухсат берилмоқда.
Олиб чиқиладиган товарларга нисбатан тўхтатиб туриш чорасини кўриш мумкинлиги бўйича норма киритилмоқда. Бу амалиёт товарлар экспортини амалга оширувчи миллий ишлаб чиқарувчиларга қулайликлар беради. Хусусан, бу ўзи ишлаб чиқарган товарларнинг контрафакт нусхаларини хорижга экспорт қилишнинг олдини олади, чет давлатларда миллий брендларимиз обрўсини оширади, ҳалол рақобат муҳитини (ўзганинг брендини ўғирламаслик) таъминлайди.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур Қонун миллий қонунчилик халқаро стандартларга мувофиқлаштирилишини таъминлашга, шу жумладан иқтисодиётда тенг рақобат учун шарт-шароитлар яратишга ва чет эл инвестицияларини кенг жалб қилишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Исроил зарбалари оқибатида Ғазода 90 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг