Ботир Зокиров қўшиқлари жамланган «Олтин коллекция» диски тақдимоти ўтказилди (фото)

18:18 10 Июнь 2021 Маданият
1019 0

Тошкент Фотосуратлар уйида «Маънавият фестивали»нинг матбуот анжумани ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан «Буюк истеъдод ва улкан қалб соҳиби» бадиий-мусиқий кеча бўлиб ўтди.

Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Кинематография агентлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари, ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, жорий йилги фестиваль доирасида «Янги Ўзбекистон — янги ренессанс сари!», «Маърифат улашиб», «Янги Уйғониш» даври китоб ва кутубхоналардан бошланади», «Бир Зиёли — бир маҳаллага маънавий ҳомий, «Менинг фарзандим Ўзбекистон фахри», «Фаол фуқаро», «Маърифат тур», «Мақом кечалари», «Бахтли болалик, «Бир нуроний беш нафар ёшга мураббий» каби лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида миллий ва тарихий киноларнинг намойиши ҳам бўлиб ўтади. Мазкур лойиҳада «Маҳмудхўжа Беҳбудий», «Исъҳоқхон Ибрат», «Ота уй», «Элпарвар», «Берлин — Оққўрғон», «Иссиқ нон» каби 20 га яқин ватанпарварлик, ёшлар онгида миллий руҳ ва миллий ғурурни шакллантириш, аждодларга муносиб авлод бўлиш, илм олиш зарурати билан боғлиқ мушоҳада қилишга чорлайдиган кинофильмлар намойиш этилади.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан «Олтин коллекция» дискининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ботир Зокиров нафақат ўзбек эстрадаси, балки Шарқ эстрада санъатининг улкан намояндаларидан бири эканлиги, у санъатнинг қатор жанрларида баракали ижод билан шуғуллангани, бетакрор суратлар чизгани, прозада илҳом билан қалам тебратиб, ажойиб либретто ёзгани, ўзига хос таржималар қилиб, кинода томошабинлар қалбида қоладиган ёрқин образлар яратгани, санъаткор билан суҳбатда бўлгани ҳамда битта ўпка билан 20 йил давомида қўшиқ куйлаганини гапириб берди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?