Ботир Зарипов сенатор бўлди

15:37 04 Февраль 2021 Сиёсат
466 0

Бухоро вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини сайлаш масаласи кўриб чиқилди.

Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибият раҳбари Худоёр Маматов очиб, йиғилганларни «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш тўғрисида»ги Низом билан таништирди.

Қўшма мажлисга 15-«Лоша» сайлов округидан сайланган вилоят Кенгаши депутати Фармон Аминов раислик қилди.

Мажлисда ишчи ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича маслаҳат кенгаши, мажлис котибияти, саноқ комиссияси аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан сайлаб олинди.

У ўз чиқишида 51-«Халқобод» сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати, вилоят ҳокими Ботир Зарипов номзоди Олий Мажлис Сенати аъзолигига тавсия қилинганини айтди.

Қатнашчилар Сенат аъзолигига номзоднинг таржимайи ҳоли ва меҳнат фаолияти билан таништирилди.

59-«Чандир», 36-«Зандани», 49-«Ғовшун», 24-«Ромитан» сайлов округларидан вилоят кенгашининг депутатлари Сайитқули Оққиев, Санам Жумаева, Абдулла Нарзуллаев, Марҳабо Пардаевалар сўзга чиқиб, Олий Мажлис Сенати аъзолигига тавсия этилган Ботир Зариповнинг номзодини қўллаб-қувватладилар. Очиқлик, ошкоралик билан ўтган муҳокама давомида депутатлар номзоднинг фаолияти, ҳаёт тажрибаси, ишчанлик, ташаббускорлик, ташкилотчилик фазилатлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан сўнг яширин овоз бериш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосини сайлаш бўйича сайлов ўтказилди.

Бухоро вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларининг якдил овози билан Ботир Зарипов Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?