Бўстонлиқда оёғидан жароҳат олиб, тоғдан тушолмай қолган фуқаро қутқарилди

12:48 20 Май 2025 Жамият
172 0

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудига сайр қилиш мақсадида борган фуқаролардан бири эҳтиётсизлиги оқибатида тойиб кетиб, чап оёғидан жароҳат олиши натижасида тоғдан тушолмай қолган. Бу ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Унда айтилишича, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Бурчмулла қишлоғи ҳудудидаги «Копир тош» тоғига уч нафар фуқаро сайр қилиш мақсадида борган. улардан бири эҳтиётсизлиги оқибатида тойиб кетиб, чап оёғидан жароҳат олганлиги сабабли тоғдан қайтиб тушишнинг имкони бўлмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан ёрдам зарурлиги тўғрисида Фавқулодда вазиятлар бошқармасига мурожаат келиб тушган. Ушбу хабарга асосан, Чимён ёнғин-қутқарув отрядидан бир гуруҳ қутқарувчилар зудлик билан айтилган манзилга етиб борган.

Қутқарув гуруҳи ходимлари ҳаракатлари натижасида жароҳат олган фуқаро хавфсиз ҳудудга олиб тушилган ҳамда туман тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 май куни куни ҳам ушбу тоққа сайр қилиш мақсадида борган икки нафар фуқаронинг бири адашиб қолиб, денгиз сатҳидан 2 минг метр баландликда қолиб кетганлиги ҳақида хабар берган эдик. Ушбу фуқаро ҳам Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Чимён ёнғин-қутқарув отряди ходимлари томонидан хавфсиз ҳудудга олиб тушилган эди. Мазкур ҳолат оқибатида тан жароҳатлари олганлар аниқланмаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?