Бошимиз узра ҳилпиравер, она Ватан байроғи!

19:00 18 Ноябрь 2021 Жамият
157 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллиги Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларида кенг нишонланди. Сана муносабати билан уюштирилган асосий байрам тадбири Термиз шаҳридаги муҳташам санъат саройида бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Сўзга чиққанлар байроғимизда миллий-тарихий анъаналаримиз, узоқ ўтмишга бориб тақаладиган бой маданиятимиз, поклик, беғуборлик, гўзаллик, яхшилик, донишмандлик, шон-шуҳрат ва садоқат каби буюк фазилатларимиз ўз ифодасини топгани хусусида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Тадбир давомида маънавиятимизни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган соҳа ходимларига “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони ҳамда Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилган "Термизий алломалар мероси - бой маънавий хазинамиздир!" мавзусидаги мақолалар танлови ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

- Ўзбекистон байроғи қабул қилинган кун муносабати билан вилоятимиз ҳудудида кўплаб спорт, маданий, маърифий тадбирлар уюштирилди, - дейди Маънавий ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Н.Раҳматуллаева.  - Миллий давлатчилигимиз рамзи бўлган байроқ бу ҳар биримизга нафақат фахру ифтихор бахш этади, балки халқимизни юксак марралар сари етаклаверади. "Термизий алломалар мероси - бой маънавий хазинамиздир!" мавзусидаги мақолалар танлови иштирокчилари бу жиҳатларни зўр маҳорат билан ифода этганларини таъкидлашим жоиз.

Санъаткорлар ижросидаги Ватанни, тинчлик ва халқлар ўртасидаги дўстликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.

 

Илҳом РАҲМАТОВ, "Халқ сўзи".

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?