Бош вазир ўринбосари Халқаро шахмат федерацияси президенти билан учрашди

07:26 06 Апрель 2021 Жамият
501 0

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) президенти Аркадий Дворкович Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида фахрий меҳмон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, мамлакат шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов билан учрашди.

Учрашувда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимовлар ҳам иштирок этди.

Самимий руҳда ўтган учрашувда А.Абдухакимов сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга, хусусан шахматга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, бунинг натижасида Ватанимиз спортчилари халқаро майдонларда юксак натижалар қайд этиб келаётганлигини мамнуният билан таъкидлади.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан Ўзбекистонда шахматни ривожлантиришнинг ўзига хос механизми яратилганлиги, натижада яқин келажакда мамлакатимиз дунёда шахмати ривожланган давлатлар қаторидан жой олишга интилаётганлигини ҳам айтиб ўтди.

ФИДE президенти Аркадий Дворкович юртимизда шахматни ривожлантиришга қаратилган эътибордан мамнун эканлигини таъкидлаб, ёш шахматчиларимизнинг халқаро майдонларда қозониб келаётган ғалабаларини эътироф этди. Қолаверса, иқтидорли ёш гроссмейстерлар ёрдамида Ўзбекистон яқин келажакда янада ёрқин ғалабаларни қўлга киритишига ишонишини билдирди.

Шунингдек, мамлакатимизда шахматни ривожлантириш борасида ФИДE томони Ўзбекистон шахмат федерацияси билан амалий ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро совғалар алмашди.

Таъкидлаш жоиз, бугун Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар марказида илк бор «ИННОПРОМ. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги» халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади. Россия Федерациясининг «Сколково» жамғармаси раиси Аркадий Дворкович юртимизга ташрифи давомида ушбу тадбирда ҳам иштирок этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?