Бош вазир ўринбосари экспортчи корхоналарга газ ва электр энергиясини узлуксиз етказиб беришни таъминлаш бўйича топшириқ берди

15:31 29 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
346 0

28 ноябрь куни Урганч шаҳридаги студиядан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси аъзолари, вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари жалб этилган ҳолда инвестиция ва экспортнинг долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Муҳокама қилиш чоғида вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг саноат ва ҳудудлар кесимида инвестиция ва экспорт фаолиятини кучайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисоботлари тингланди.

Тадбиркор ва экспортчилар бугунги кунда мавжуд инвестиция ва экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилувчи бир қатор тизимли ва хусусий тусга эга муаммоларга дуч келаётгани аниқланди. Ишбилармонларни самарали қўллаб-қувватлаш тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида корхоналарга чиққан ҳолда тадбиркор ва экспортчилар билан бевосита ишлаш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда тижорат банкларининг ходимларини ҳудудларга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди. Уларнинг вазифалари этиб тадбиркорларнинг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва уларни тезкор ҳал этиш, шунингдек инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш учун янги захира ва имкониятларни аниқлаш белгиланди.

Тадбирда инвестиция ва ташқи савдо фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи алоҳида омиллар ҳам атрофлича ўрганилиб, тегишли раҳбарларга манзилли кўрсатмалар берилди.

Хусусан, экспортчи корхоналарга газ ва электр энергиясини узлуксиз етказиб беришни таъминлашга қаратилган тезкор чора-тадбирлар кўриш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Тадбирда экспортчиларга молиявий ёрдам кўрсатишда тижорат банклари етарли даражада фаол эмаслиги ҳам қайд этилди - биргина ўтган ҳафтада республика экспортчиларини қўллаб-қувватлаш штабига жами 85 млрд сўм миқдорида экспортолди молиялаштириш маблағларини ажратишда кўмаклашиш учун 25 та ариза келиб тушди. Шу муносабат билан тижорат банклари раҳбарларининг эътибори тадбиркорлар ва экспортчиларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш мақсадида улар билан фаол ишлаш зарурлигига қаратилди.

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига алоҳида кўрсатмалар берилди - улар хорижий ишбилармон доиралар билан яқиндан ҳамкорлик ва ташқи бозорлардаги мавжуд вазиятни чуқур таҳлил қилиш орқали маҳаллий экспорт маҳсулотлари учун бўлажак инвестор ва мижозларини жалб этиш мақсадида иш олиб боришлари керак бўлади.

Йиғилиш якунида инвестицияларни жалб этиш ва экспорт ҳажмларини ошириш учун мавжуд бўлган барча захираларни сафарбар этиш зарурлиги таъкидланди. Видеоселектор йиғилиши давомида берилган кўрсатмаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимият ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарларининг шахсий масъулияти ҳам белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси топшириқлар ижросининг доимий мониторингини олиб боради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?