Бош Қомусимиз — барча ютуқ ва муваффақиятларимизнинг ҳуқуқий асоси

21:11 01 Декабрь 2020 Сиёсат
1012 0

«Ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан доимо олдинга қараб боради».

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Давлат сиёсий етуклиги ва мамлакат ижтимоий барқарорлигини ўзаро бирлаштирадиган мезонлар бор. Улар кўп эмас. Шулар орасида энг асосийси жамиятда қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш бўлса, иккинчиси, ҳокимият ва халқ ўртасидаги шаффоф ҳамда узлуксиз мулоқотни йўлга қўйишдир. Бу нафақат демократия, балки кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир. Мазкур устувор вазифалар ижросининг олий ҳуқуқий асоси эса, шубҳасиз, Конституция ҳисобланади. У шу йилларда замонавий тараққиётимиз, танлаган инновацион йўлимиз ва албатта, прогрессив ҳамда халқчил ислоҳотларнинг том маънодаги Бош қомуси, ёрқин истиқбол сари етаклаётган энг олдинги маёқ янглиғ намоён бўляпти. Яъни инсонга бахтли бўлиш ҳуқуқини берадиган «олтин чипта»га айланди.

Охирги йилларда Ўзбекистонда рўй бераётган туб ўзгаришлар айнан мана шундай ёндашув шарофатидан бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат. Зеро, бундан кўзланган бош мақсад одамларни рози қилиш, улар эртага эмас, айнан бугун яхши яшашлари учун барча шароитни яратиб беришдир. Булар ҳисоботларни тўлдириш, маърузаларга безак бериш учун эмас, айнан ҳар бир фуқаро турмушига файз, ободлик ва сифат олиб кириш учун қилинаётганини ҳамюртларимиз ўз ҳаётларида ҳис қилишяпти.

Пировардида Президентимиз бошчилигида халқимиз янгидан-янги марраларни забт этмоқда, кўз ўнгимизда янги Ўзбекистон дунёга юз очаётир. Мазкур ўзгаришларни нафақат биз, балки чет элликлар ҳам эътироф этмоқдаки, бу шубҳасиз, барчамизни қувонтиради. Энг муҳими, юртдошларимизнинг дунёқараши янгиланиб, улар ҳам ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди.

Мухтасар айтганда, янги Ўзбекистонда фаоллик, яратувчанлик руҳи билан яшаш ҳар бир инсон учун ҳаёт тақозоси, ижтимоий заруратга айланиб боряпти. Табиийки, булар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Буларнинг туб замирида Конституциямизда белгилаб берилган мақсад ҳамда вазифаларни сўзсиз ижро этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлару машаққатлар ётибди.

Қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги дадил одимлар

Конституция ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш ҳар қандай жамият тараққиётида энг муҳим омиллардан биридир. Қонун устувор бўлган жамиятда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан чиқарилаётган ҳужжатлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари Конституция ва қонунларга мувофиқ бўлади. Аксинча бўлса, жамиятда тушкунлик кайфияти ошиб, одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етади, алалоқибат давлатнинг тараққиётга эришиши хомхаёлга айланиб қолади. Шу боис бу масала Асосий Қонунимизнинг 15-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”, дея мустаҳкамлаб қўйилган.

Хўш, шундай экан, истиқлол йилларида, хусусан, охирги тўрт йилда биз бу борада қандай натижаларга эришдик?

Ҳар бир давлат ўзининг истиқлол ва тараққиёт йўлини белгилаб оларкан, аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга йўналтирилган муҳим мақсадлари ҳамда вазифаларини Конституциясида қатъий мустаҳкамлаб олади. Истиқлолимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар ва уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди. Айни чоғда унда жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглиги кафолатланган бўлиб, бу, замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

Президентимиз мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида шу хусусда ўз фикрини баён этаркан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони эканлигини таъкидлаганди.

Дарҳақиқат, ҳар қандай демократик ислоҳотларнинг самараси, тинчлик ҳамда тараққиётимизнинг асосий гарови ҳам айнан шу омил билан бевосита боғлиқ. Шу сабабли ҳам барча бўғиндаги кадрлар, у хоҳ вазир, ҳоким ёки оддий фуқаро бўлсин, Конституция ва қонунларни пухта билиши, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиши ҳамда биринчи навбатда, бу қоидаларга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳит яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, «Конституция ва қонун устуворлиги — фаровон ҳаёт гарови» деган тушунча одамлар онгу шууридан чуқур ўрин эгаллаши ва ижтимоий эҳтиёжга айланиши йўлида меҳнат қилинмоқда. Зеро, машҳур инглиз файласуфи, социологи ҳамда ҳуқуқшуноси Иеремия Бентам айтганидек, халқ ўрганиб қолган конституция энг яхшисидир.

Энг аввало, қонунларнинг ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонунбузарликларнинг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга, бундай ҳолатларни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш чоралари кўрилаётир. Шу мақсадда қонунлар, Президент Фармон ва қарорлари қабул қилинмоқда. Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад битта, у ҳам бўлса, халқимиз фаровонлигини таъминлаш.

Шу ўринда ўтган йили қабул қилинган “Давлат-хусусий шериклиги тўғрисида”ги Қонунни мисол тариқасида келтириш мумкин. Мазкур ҳужжат фуқароларнинг давлат ва жамиятга тегишли вазифаларини бажаришга доир конституциявий ҳуқуқини амалга оширишнинг таъсирчан механизмини яратишимизда ҳуқуқий асос бўлди. Натижада қатор тармоқларда давлат-хусусий шериклик бўйича лойиҳалар рўёбга чиқарилди.

Эътиборлиси, яқингача давлат-хусусий шериклик борасида оқсаб турган айрим тармоқлар, хусусан, соғлиқни сақлаш ва таълим йўналишларида бу борада олға силжишлар кўзга ташланмоқда. Шу билан бир қаторда, айрим қонун бузилиши ҳолатлари ҳам кузатилмоқдаки, бу парламент, ҳукумат, Олий суд ҳамда бошқа идоралардан қонунлар ижросини таъминлашнинг самарали механизмларини янада кучайтиришни талаб этади.

Айтиш жоизки, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашда, албатта, жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёс. Шу сабабли ҳам юртимизда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Табиийки, натижа ҳам ёмон бўлаётгани йўқ. Юртдошларимиз давлат аҳамиятига молик барча масалада, хусусан, қонун, Фармон ва қарорлар лойиҳалари муҳокамасида фаол қатнашяпти. Халқимиздан келиб тушган жўяли фикрлар инобатга олиниб, ҳужжатлар лойиҳалари такомиллаштирилмоқда. Буни илк бор ўтган йилги Давлат бюджети жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилиниб, очиқлик ҳамда ошкоралик руҳида қабул қилинганида кузатгандик. Эътибор берилса, унда турли вазирлик ва идоралар ҳар бир сўмни нимага, қандай харажат қилиши аниқ кўрсатиб берилган эди. Шундан кейин жамоатчилик фаоллиги янада ошди.

Дарҳақиқат, одамларимиз энди кечаги одамлар эмас, улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, муҳокамаларда эса қандай фикр ёки таклифни илгари суришни ўзлаштирмоқда.

Шу ўринда халқимиз уйғоқлигини ифодалайдиган яна бир мисол ёдга тушди: ўтган йили жойларда дарахтларни оммавий равишда кесиш кучайиб кетганида одамлар кескин норозилик билдирган, шунга кўра, дарахтларни сабабсиз кесишга қарши мораторий эълон қилинган эди. Шунинг ўзиёқ халқ, яъни жамоатчилик фикри қандай катта кучга, таъсирга эга эканлигини очиқ кўрсатиб турибди.

«Жамоатчилик назорати» дегани фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назоратгина эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлгани боис ҳам уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ҳамда транспорт соҳаларида ҳам йўлга қўйиш айни зарурат. Қолаверса, бозорлар ва савдо мажмуаларидаги маҳсулотлар ҳамда хизматлар сифати бўйича ҳам доимий жамоатчилик назорати ўрнатилса, ишларимиз олға силжишини тушуниш унчалик қийин эмас.

Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари (ОАВ)нинг ўрни салмоқли. Шу боис ОАВни чинакам «жамият кўзгуси»га айлантириш йўлида жиддий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, охирги тўрт йилда амалга оширилган сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар туфайли жамият ҳаётида туб бурилиш юз берди. Бугунги кунда анъанавий ахборот воситалари билан бирга, интернет, ижтимоий тармоқлар, блогерлар жамоатчилик фикрини шакллантиришдан ташқари, жойлардаги хато ва камчиликларни рўйирост кўрсатиб, уларни ўз вақтида бартараф этишга кўмак бермоқда.

Аммо бу борада ҳам қилинадиган ишлар кўп. Масалан, давлат ва жамият бошқарувида, кундалик фаолиятимизда очиқлик ҳамда ошкоралик тамойилини кучайтириш мақсадида фуқароларнинг сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатишга оид конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашимиз талаб этилади. Ўзимизнинг фаолиятимиз билан боғлаб айтадиган бўлсак, соҳанинг ҳуқуқий асосини бугуннинг талабидан келиб чиқиб такомиллаштиришимиз зарур.

Қабул қилинаётган қонунлар олиб бораётган ислоҳотларимизга мос ва уйғун бўлган тақдирдагина кўзлаган мақсадларимизга эришамиз. Бу, биз сўз юритаётган масаланинг навбатдаги муҳим шарти ҳисобланади. Яъни ҳозир амалда бўлган, аммо замон талабларига мос келмайдиган қонунларни такомиллаштиришимиз, шунингдек, қонунларни ижро этиш механизмларини аниқ тизим асосида яратишимиз бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Шу ўринда охирги йилларда мамлакатимиз парламенти ҳам замонга мос ҳолда янгиланганлигини айтиб ўтиш жоиз.

Хусусан, қонун ижодкорлигига янгича ёндашилмоқда. Халқ вакиллари жойларга бориб, мавжуд вазиятни ўрганаётир, одамлар фикри билан қизиқмоқда ва шундан кейингина олинган фикрларни жамлаган ҳолда янги қонунлар устида ишлашяпти. Амалдаги қонунларнинг эскирган ёки ҳаётдан узоқ меъёрлари ҳам шу мезон асосида такомиллаштирилаётир. Натижада қонунларимиз халқ дарду ташвиши ҳамда орзу-интилишларини ўзида мужассам этган ҳужжатлар сифатида жамият ҳаётига татбиқ этилмоқда. Зеро, қонун ишлаши учун у, аввало, халқ манфаатларига хизмат қилиши лозим.

Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашнинг галдаги шарти, бу аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан боғлиқ.

Биз ҳар қанча мукаммал қонунлар яратмайлик, агар фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти етарлича бўлмас экан, кўзланган мақсадга эришишимиз қийин кечади. Шу маънода, Конституция ҳамда қонунларга ҳурмат, ҳуқуқий онг ва маданиятни ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир мансабдор шахснинг ҳаёт ҳамда фаолият тарзига айлантириш йўлидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз ўринлидир.

Халқ — давлат ҳокимияти манбаи

Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва биз эришаётган ютуқларимизда, албатта, мустақил Ўзбекистонимиз Конституцияси ҳуқуқий асос бўлмоқда. Хусусан, Бош қомусимизнинг 7-моддасида: «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир», деб белгиланган бўлиб, бугун бу манба тўла ишга туширилди. Аниқ айтадиган бўлсак, янги Ўзбекистоннинг олий ижтимоий мўлжали — Конституциямизда акс эттирилган моҳиятан эзгу ҳамда инсонпарвар мазмунини ҳаётга жорий қилишда яққол намоён бўлмоқда. Бу улуғ ҳаракат, аввало, одамларнинг яратувчанлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, инсон капитали имкониятидан самарали фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатларда намоён бўляпти, десак, айни ҳақиқат.

Зеро, юртимизда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг асосий мақсади ҳам аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва уларнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган барча шарт-шароит ҳамда қулайликларни яратишдан иборатдир.

Охирги тўрт йилда янги Ўзбекистонга мос бўлган тартибот, қадрият ва муносабатларнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилмоқда. Бинобарин, Конституциямизда белгиланганидек, юртимизда том маънодаги моҳиятан халқ ҳокимиятининг ҳуқуқий асослари шакллантирилмоқда. Шу мақсадда янги ҳаётнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган қонунлар, Президент Фармон ҳамда қарорлари қабул қилинмоқда.

Натижада тилимизга янги иборалар, масалан, «халқ билан мулоқот», «халқ қабулхоналари», «электрон ҳукумат», «виртуал қабулхона», «портал», «ташаббускорлик», «арзон уйлар», «халқ дарду ташвиши», «ҳалоллик вакцинаси», «давлат-хусусий шериклиги», «йўл харитаси», «кафолатланган хавфсизлик» каби бир қатор эзгуликка йўғрилган тушунчалар кириб келди. Муҳими, шу иборалар ҳаётимизга кўчиб, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мезонида намоён бўлмоқда.

Шу ўринда тарихга чекиниб гапирадиган бўлсак, халқ ҳокимиятини қарор топтириш асрлар давомида нафақат ўзбек халқининг, балки бутун дунёнинг орзуси бўлиб келган. Бироқ жаҳонда демократик тамойиллар ижобатининг асосий мезони фақат сайловлар жараёнида холисликка эришиш бўлиб келди. Сайловлар ўтиб бўлгандан кейин то навбатдаги сайловгача эса демократия эмас, автократия устувор бўлиб қолаверди.

Ўзбекистонда эса Президентлик сайлови ўтиб бўлганидан сўнг халқ ҳокимиятининг мустаҳкам пойдеворини қуриш, демократияни ўрнатиш, ҳаётимизга ҳалоллик ва тўғрилик тамойилларини жорий этиш, жамиятимиздан коррупцияни илдизи билан қўпориб ташлаш, қонунчилик, давлат ҳамда суд ҳокимиятини халқ орзуларини амалга ошириш, муаммоларини ечишга сафарбар этишга жуда катта куч билан киришилди. Бугун Ватанимизда ўтаётган ҳар бир кун инсон манфаатларини таъминлашга, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини кафолатли ҳимоялашга, одамларни рози қилишга қаратилган, қисқача айтганда, уларни бахтли-саодатли қилишдан иборат бўлган янги мазмун билан йўғрилган.

Ана шу янги инсонпарвар сиёсатдан мамлакатимизнинг барча аҳолиси, хусусан, жамиятнинг эҳтиёжманд, кўмакка муҳтож қатламлари вакиллари ҳам бирдек баҳраманд бўлмоқда. Яъни улар учун ҳам муносиб турмуш шароити яратиб берилди.

Масалан, озодликдан маҳрум қилинган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаб бериш тартиби амалиётга жорий этилди, билиб-билмай жиноятга қўл урган, кейин эса қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган минглаб маҳкумлар афв қилинди, узоқ йиллардан буён биз билан ёнма-ён яшаган бўлса-да, фуқаролиги бўлмаган минглаб юртдошларимизга Ўзбекистон фуқароси мақоми берилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Турли сабабларга кўра хорижга кетиб, ўзга юртларда хор-зор бўлиб юрган аёллар ва болалар уруш олови ичидаги Яқин Шарқ мамлакатлари ва Афғонистондан «Меҳр-1» ҳамда «Меҳр-2» инсонпарварлик тадбирлари орқали Ватанимизга қайтариб келиниб, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиб олиши учун барча шарт-шароит яратиб берилди.

Бу ишлар давом эттирилмоқда.

Ушбу янги ижтимоий сиёсат фуқароларга мулкка эга бўлиш, муносиб иш, ўқиш, дам олиш ва даволаниш, сайлаш ҳамда сайланиш ҳуқуқларининг рўёбга чиқарилишида намоён бўлмоқда.

Хусусан, сўнгги тўрт йил давомида ёшлар учун олий таълим олиш имкониятлари кенгайтирилди, вилоятлар марказларида илғор кардиология ва ички касалликларни даволаш марказлари иш бошлади, маҳаллий бошқарув соҳаси ходимлари, ўқитувчилар, шифокорлар ҳамда бошқа касб эгалари ойлик маошлари миқдори узлуксиз равишда ошириб борилмоқда.

Муҳими, халқимизни рози қилишга йўналтирилган ислоҳотлар тобора янги маъно-мазмун касб этмоқда.

Ҳар ким мулкдор бўлишга ҳақли

Ҳар қандай киши мулк эгаси бўлса, меҳнат унумдорлиги бир неча марта ошади. Мулкдорнинг кайфияти, интилиши, иш юритиши, ўз фаолиятига, умуман, ҳаётга муносабати бошқача бўлади. Мулк эгаси ўз ишини яхшилашга, мулкини кўпайтиришга ҳаракат қилади. Негаки, у жамиятдаги ўзгаришларга бевосита дахлдордир. Шу боис Конституциямизнинг 36-моддасида: Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади”, деб белгилаб қўйилган.

Умуман, мамлакатимизда ҳар қандай хусусий мулкдорнинг қонуний йўл билан қўлга киритган мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилинмаслигини таъминлайдиган ишончли ҳуқуқий кафолатлар тизими яратилган.

Мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминламасдан иқтисодий ривожланишга эришиш мушкул. Бу Асосий Қонунимизда ҳам алоҳида белгиланган бўлиб, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Бу меъёр мамлакатимизнинг бошқа қонунларида ҳам акс этган. Хусусан, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ҳамда тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмаслиги назарда тутилган. Шунингдек, мулкдор хусусий мулк ҳуқуқи бекор қилинишига олиб келадиган қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу қарор суд томонидан низо ҳал этилгунига қадар амалга оширилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Ҳар бир тадбиркор, аввало, шуни аниқ билиши керакки, давлат хусусий мулкдор ҳуқуқларининг ҳимоячисидир. Шунинг учун ҳам тадбиркорларимиз ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритмоқда, ишлаб чиқариш фаолиятини янада кенгайтириб, маҳсулот ҳажми ҳамда олаётган даромадини кўпайтирмоқда. Бундан нафақат унинг ўзи, балки бутун жамиятимиз манфаат кўраётир. Шунинг учун ҳам охирги йилларда, хусусан, ҳозирги пандемия шароитида юртимизда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг қонуний ҳамда амалий жиҳатдан устувор ролини таъминлаш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар рўёбга чиқариляпти.

Бу борада қабул қилинган қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат идораларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувини бартараф этиш йўлида қатъий тартиб ўрнатилди.

Аҳамиятлиси, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили амал қилмоқда. Қонун ҳужжатларида ушбу фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ҳамда ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъекти фойдасига ҳал этилаётгани эса янада эътиборлидир. Тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик бугун давлат сиёсатига тўсқинлик қилиш сифатида қаралмоқда.

Ўз навбатида, яна бир муҳим ҳужжат — «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашда муҳим аҳамият касб этаётганлигини ҳам айтиш зарур. Шунингдек, бошқа қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолияти жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган қатор ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Шу саъй-ҳаракатларимиз натижасида аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги ошиб, йилдан-йилга тадбиркорлик субъектларининг сони кўпайиб бораётгани Конституциямизнинг энг катта ютуқларидан яна бири, десак, муболаға бўлмайди.

Пандемия шароитида аҳоли ижтимоий қўллаб-қувватланмоқда

Ҳозирги пандемия шароитида аҳолининг ижтимоий заиф қатламини молиявий қўллаб-қувватлашга бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам долзарб масала сифатида қараб келинмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан қатор Фармон ва қарорлар қабул қилинди, қонунларга тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Умуман, ҳозирги мураккаб вазиятда, давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги самарали шериклик намоён бўлди, яъни Инқирозга қарши курашиш жамғармаси, фуқаролик жамияти институтлари, жамоат ташкилотлари бирлашиб, инқирозни енгиб ўтишга астойдил ҳаракат қилинмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак бериш мақсадида уларнинг рўйхати, яъни «темир дафтар» шакллантирилди.

Бироқ маҳалла раислари айрим сабабларга кўра, муайян ёрдам олувчиларни эътиборсиз қолдирган, одамлар давлат кўмагисиз қолган ҳолатлар бўлганини ҳам айтиш зарур. Табиийки, бундай ҳолатлар зудлик билан бартараф этиляпти. Шу мақсадда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, жумладан, депутат ҳамда сенаторлар жойларга бориб, одамлар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганмоқда, шу каби нуқсонларни жойларнинг ўзида ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

Хусусан, пандемия даврида ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини ҳимоя қилиш учун жараённинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими ишлаб чиқилди. Яъни ҳимояга олиш онлайн тизим орқали амалга ошириляпти.

Шунингдек, пандемия даврида аҳолини моддий, номоддий қўллаб-қувватлаш мақсадида жойларда ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарорлари билан ижтимоий ҳимояга эҳтиёжи бўлган қатламнинг дастлабки рўйхати шакллантирилди. Мазкур рўйхатни онлайн тарзда юритиш, мониторинг қилиш мақсадида автоматлаштирилган «Саховат.Аргос.Уз» электрон дастури ишга туширилганлигини ҳам айтиш ўринлидир. Эндиликда ёрдамга муҳтож аҳоли қатламининг рўйхатини мазкур дастурга киритиш, даромад манбаини аниқлаш, меҳнатга лаёқатли қисмининг бандлигини таъминлаш, улар доимий даромадга эга бўлгандан сўнг, «темир дафтар»дан чиқариш ишлари бевосита онлайн тарзда амалга оширилмоқда.

Шу ўринда халқаро тажриба асосида камбағалликни қисқартириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам гапирадиган бўлсак, биринчи бўлиб пандемия даврида вақтинчалик фаолиятини тўхтатган корхоналар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта йўлга қўйиши учун давлат томонидан кўплаб енгилликлар берилганлигини айтиш жоиз.

Иккинчи бўлиб инсон капитали ривожлантирилди. Аҳолига имтиёзли кредитлар, тўғридан-тўғри молиявий кўмак берилиши бунга бир мисол. Ҳозирги кунда ишсиз фуқаролар турли касб-ҳунарларга ўқитилмоқда, бунинг учун мономарказлар ташкил қилинди. Юқори малака, олий маълумот талаб этилмайдиган даражадаги ишларга аҳоли кўникмаларини ривожлантириш мақсадида жойларда ўқув курслари очилди. Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида эса аҳоли тадбиркорликка ўқитилмоқда.

Шунингдек, «темир дафтар»га киритилган оилаларга тўғридан-тўғри моддий ва номоддий ёрдам берилмоқда. Масалан, боғча тўловларидан озод этиш, мактабда ўқиётган болаларни мавсумий кийим-бош билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Президент қарори асосида, Қурбон ҳайити байрамида 182 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга қарийб 154 миллиард сўмлик моддий ёрдам берилдики, шунинг ўзиёқ пандемия шароитида аҳолини қўллаб-қувватлашга юртимизда қанчалик эътибор қаратилаётганини яққол кўрсатиб турибди.

Эътиборлиси, ҳозирги шароитда аҳолини қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларимиз, бир зумга бўлсин, тўхтаб қолгани йўқ, аксинча тобора кенг қамров ҳосил қилиб бормоқда.

Умуман, бугун эришаётган ютуқларимиз, давлатимизнинг халқаро майдонда ташлаётган ҳар бир қадами, ички сиёсатдаги туб ўзгаришлар, тинч ва осуда ҳаётимиз, мамлакатимиз ривожи ҳамда халқимиз фаровонлигини ўйлаб қабул қилинаётган Фармон, қарор ва қонунларга Бош қомусимиз — Конституциямизда белгилаб берилган инсонпарварлик тамойиллари ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Танзила НОРБОЕВА, 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг Раиси

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?