Бош прокуратурада очиқ эшиклар куни ўтказилди

20:51 01 Декабрь 2021 Жамият
361 0

Прокуратура органлари фаолиятининг асосий принципларидан бири ошкораликдир. Шу боис, прокуратура ходимлари томонидан юртимиз бўйлаб барча ҳудудлар, туман ва шаҳарларда, аҳолининг турли қатламлари билан, шу жумладан ёш авлод вакиллари билан мунтазам учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, бугун Бош прокуратурада очиқ эшиклар куни ўтказилди.

Тадбирда Тошкент давлат юридик институти ҳамда юридик техникумлар талабалари, Тошкентдаги Президент мактаби ўқувчилари, юридик олийгоҳнинг магистратура босқичи битирувчиларининг ота-оналари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб тадбир иштирокчилари Бош прокуратуранинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси фаолияти билан таништирилиб, уларга жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш, мурожаатлар билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тушунтириш берилди.

Сўнгра, прокуратура тарихи ва фаолиятига оид очиқ дарс ўтказилиб, Академия фаолиятига оид ролик ва тақдимот намойиш этилди.

Тадбир дастурининг навбатдаги қисми Бош прокуратура Академиясида давом эттирилиб, унда иштирокчилар мультимедиа студияси, криминалистика кабинети, электрон тир, мобил криминалистика лабораторияси имкониятлари ҳамда магистратурада ўқув жараёни билан таништирилди.

Сўнгра, криминалистика полигонида иштирокчилар учун қизиқарли квест ва психологик тестлар ташкил қилинди.

Шунингдек, пора билан қўлга олиш, суд ва Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочилари томонидан мол-мулкларни хатлаш жараёнлари имитацияси ўтказилиб, бу иштирокчи ёшларда жуда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир доирасида иштирокчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев билан учрашуви ташкил қилинди.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари ўз сўзида ёшларга уларни тарбиялаб, вояга етказаётган ота-онаси, устозлари ишончини оқлашга, буюк Ватанимизга муносиб фарзанд бўлишга, юртимиз ривожига ҳисса қўшишга, ўқиб-изланиб, теран фикрлашга, эртанги кунимиз равнақи учун мустаҳкам пойдевор бўлишга чақирди.

Учрашув якунида қатнашчиларга китоб ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?