Бош прокуратура ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

07:18 04 Декабрь 2022 Сиёсат
1138 0

Бош прокурор раҳбарлигида прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида Бош прокуратура ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат мажлисида прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2022 йилнинг ўтган давридаги фаолияти натижалари танқидий муҳокама қилинди.

Ҳайъат мажлисида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилиб, жорий йилда прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато - камчиликларга бирма - бир тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, прокуратура органларининг бугунги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни, жумладан Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини амалда рўёбга чиқариш, бу борада белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш, умуман, барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Шу мақсадда, жорий йилнинг ўтган даврида прокуратура органлари томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 116 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 217 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 1,5 трлн. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни, ёшлар ва хотин - қизларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга оид қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Бевосита прокурорлар саъй - ҳаракати билан қисқа муддатда 161 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилган, қарийб 175 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Шу билан бирга, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш борасида айрим ҳудудларда йўл қўйилган камчиликлар танқид қилиниб, тадбирларни янада жонлантириш, айниқса, “Маҳаллабай” ишларни самарали ташкил этиш, тегишли дафтарларга киритилган фуқаролар билан манзилли ишлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 7 минг нафардан ортиқ тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 25 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган.

Ҳайъат йиғилишида қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга оид инвестиция дастурлари, шу жумладан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси аҳволи алоҳида ўрин эгаллади.

Жумладан, Бош прокуратурада ташкил қилинган алоҳида Штаб ва ишчи гуруҳлар томонидан дастурлар ижроси қатъий назоратга олинган, қонун бузилишларни, айниқса, ажратилган маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, талон - торожликларнинг олдини олиш бўйича бошқа идоралар билан ҳамкорликда тизимли тадбирлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, соҳада назоратни янада кучайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилдаги 11 ноябрдаги “Қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ - 425 - сонли Қарори ижросини сўзсиз таъминлаш лозимлиги ходимларга уқтирилди.

Йиғилишда ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб, бу борада ўтказилган назорат тадбирларида ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланган 3 336 гектар ер майдонлари захирасига қайтарилиши таъминланганлиги, шунингдек, 35 161 гектар ер майдонларини талон - торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 987 та жиноят иши қўзғатилганлигига урғу берилди.

Ушбу масалада прокуратура органлари зиммасига катта масъулият ва жавобгарлик юклатилганлиги масъулларга яна бир бор уқтирилиб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга оид вазифалар ижроси, айниқса озиқ - овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Янги йил байрами кунларида аҳолини сифатли ва арзон озиқ - овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бу борада деҳқон бозорлари ва ижтимоий соҳа объектларида савдо ярмаркаларини ташкил этишга доир вазифалар ижросини таъминлаш лозимлиги қайд этилди.

Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш борасидаги муаммолар ва йўл қўйилаётган хато - камчиликларни кескин танқид остига олди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини янада кучайтириш, вазиятнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчининг омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашнинг барча чораларини кўриш зарурлиги қатъий таъкидланди.

Судларда фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш масалалари ҳам ҳайъат эътиборидан четда қолмади.

Судда прокурор ваколатини самарали таъминлаш, айниқса, суд ишларига асоссиз аралашишларнинг олдини олиш, шу билан бирга, ноқонуний суд қарорларига нисбатан ўз муддатида муносабат билдириб бориш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Сўз юритилганидек, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг қийнаётган муаммоларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида 220 мингдан ортиқ мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва 40 минг нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.

Мурожаатлар билан ишлаш, фаолиятга ошкоралик бериш, қонун ижодкорлиги, прокуратура ишига рақамли технологияларни кенг жорий қилишга оид кўрилаётган чора - тадбирларни янада жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Прокуратура органлари томонидан юқори малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинаётганлигига тўхталиб ўтилди.

Шу ўринда, Президентимизнинг жорий йил 28 ноябрдаги Фармонлари билан, барча суриштирув ва тергов идораларнинг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги кадрлари ташкил қилинган Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академиясида тайёрланиши ҳамда малакасини ошириши алоҳида эътироф этилиб, масъулларга Фармон ижросини таъминлаш юзасидан топшириқлар белгилаб берилди.

Йиғилишда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси фаолияти ҳақида ҳам сўз юритилди.

Жумладан, Департамент ва Бюро фаолияти самарадорлигини ошириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Умуман, ҳайъат йиғилишида асосий эътибор прокуратура органларининг жорий йилдаги фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар, хато ва нуқсонлар, уларни бартараф этиш чоралари ҳамда галдаги долзарб вазифаларга қаратилди.

Ҳайъат мажлисида масъулларнинг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилди.

Барча ходимлар хотиржамликка берилмасдан, юклатилган вазифаларни тўлақонли ва сўзсиз ижро этишлари, ташаббускор ва фидойи бўлишлари шартлиги қатъий белгиланди.

Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер