Бош ғоя – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, адолатни таъминлаш

11:00 24 Сентябр 2020 Сиёсат
342 0

Бугунги пандемик вазият дунёнинг энг йирик сиёсий уюшмаси фаолиятига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Гарчи йил аввалида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси тантанали руҳда ўтказилиши кўзда тутилган бўлса-да, кутилмаганда дунё миқёсида юзага келган фавқулодда вазият туфайли онлайн шаклда ташкил этилди. Табиийки, кун тартибидаги асосий масала ҳам дунё ҳамжамиятини ўйлантираётган коронавирус инфекциясига қарши кураш ва у келтириб чиқарган, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий муаммоларни бартараф этиш бўлди.

Ушбу юбилей сессиянинг биз учун яна бир тарихий аҳамияти унинг энг юқори минбаридан илк маротаба она тилимиз – ўзбек тилида нутқ сўзланишидир! Албатта, бу воқеликдан ҳар қанча фахрланиб-ғурурлансак арзийди. Камина ҳам шундай кўтаринки ҳиссиётлар қуршовида маърузани тинглар эканман, унинг асосий қисми доимгидек, муҳим ташаббуслардан иборат бўлгани эътиборимни тортди.

Жумладан, пандемия оқибатларидан келиб чиққан ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш таклифи ўртага ташланди. Бунинг бош мақсади эса “ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш” тамойили бутун афкор оммасини бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Эътибор беринг: адолатли глобал тизим. Инсониятнинг неча асрлик орзуси эмасми бу!

Пандемия сабоқларини тўғри англаган ҳолда давлатимиз раҳбари томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ғояси ҳам ушбу иллатга ёлғиз курашиб бўлмаслигининг ифодаси сифатида янгради. Зеро, мазкур ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозим.

Маърузада илгари сурилган ташаббусларни бирма-бир таҳлил этсак, унинг марказида инсон ва унинг ҳуқуқлари турганлигини кўришимиз мумкин. Албатта, бу мамлакатимизда сўнгги йилларда ушбу йўналишда амалга оширилган ислоҳотлар, яъни судлар мустақиллигини таъминланаётгани, коррупцияга қарши кураш агентлигининг ташкил этилгани, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига чек қўйилгани, аҳоли ва сиёсий партиялар фаоллиги ошгани каби ислоҳотларимиз ҳақида фикрларни тасдиқловчи энг асосий асос бўлиб хизмат қилди.

Президентимиз мазкур нутқи билан нафақат Ўзбекистон учун, балки дунё ҳамжамияти учун тараққиётга хизмат қилувчи ғоялар ташаббускори, новатор сифатида яна бир бор гавдаланди.

Бугунга келиб, Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда БМТ минбаридан туриб Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамият борасида билдирган ташаббусларининг аксарияти ҳаётга татбиқ этилгани нутқда бирма-бир асослантирилгани, ҳамжамият вакилларининг ушбу маърузага эътиборини икки карра оширгани ҳам айни ҳақиқат.

“Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича дунё парламентарийларининг ўрнини ошириши табиий. Бу жараёнда жамиятда инсон ҳуқуқларини, адолатни таъминлаш бўйича қонун ижодкорлиги йўналишида парламент аъзолари учун ўзаро тажриба алмашиш имконияти яратилади. Албатта, Президентимиз бошчилигидаги ислоҳотлар натижаси ўлароқ мамлакатимиз парламентида ҳам инсон ҳуқуқларига оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича яхшигина тажриба шаклланганини ҳам қайд этиш жоиз. Ўтган тўрт йиллик давр мобайнида депутатларимиз томонидан мазкур йўналишда 100 дан ортиқ қонун қабул қилинишга эришилди. Айни шу жиҳат ҳам давлатимиз сиёсатининг асосий йўналиши нимадан иборатлигини намоён этиб беради.

Албатта, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси билан бирга иқтисодий жиҳати ҳам бирдек муҳим. Фаровон, тўкин яшаш ҳам ҳуқуқларимиз сирасига киради. Бу борада мамлакатимиз Президенти, давлатимиз тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш каби ислоҳотлар билан бир қаторда минтақада ҳамкорликни кучайтириш асосий мақсадимиз эканлигини яна бир карра таъкидладилар. Минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашни Марказий Осиё давлатларининг ҳар бири олдида турган муҳим стратегик вазифа сифатида қаралганининг ўзиёқ масаланинг долзарблигидан далолатдир. Албатта, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш бўйича ташаббус бу борадаги ҳаракатларни мувофиқлаштириб туриши назарда тутилган. Барча жиҳатлари чуқур таҳлил ва аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ушбу ташаббуснинг тез орада амалга ошиши қардош халқлар фаровонлигига хизмат қилади.

Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган Афғонистон масаласида Президентимизнинг таклифи жуда катта халқаро аҳамиятга эга, албатта. Зеро, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этилиши жафокаш Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак бериши шубҳасиз.

Пандемия сабаб глобал муаммолар кучайганлиги, хусусан, “тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарур” деган сўзлари орқали Президентимизнинг инсонпарвар эканликларини бутун дунё аҳолиси яна бир бор ҳис этган бўлса ажаб эмас.

Маърузада илгари сурилган халқаро ташаббусларни диққат билан тизимлаштирар эканман, улар сўнгги тўрт йилда ён-атрофимизда, мамлакатимизда бизнинг гувоҳлигимизда бўлганини англаб етдим. Ғурурландим. Ўзбекистон босиб ўтаётган йўлдан бошқалар ҳам юришни бошламоқда. Ахир, натижа олиб келаётган, халқини рози қилаётган, иқтисодий фаровонликни таъминлаётган йўлбошчининг йўли барчани қизиқтириши табиий. Бу эса яна бир бор янги Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмаслигидан далолатдир.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

«Адолат» СДП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?