Болтиқбўйи иқлим шароити учун ўзбек гуручининг янги нави етиштирилади

22:53 13 Июль 2022 Иқтисодиёт
671 0

Фото: «Дунё» АА

Мамлакатимизнинг Ригадаги элчихонаси кўмагида Тошкент давлат аграр университети проректори Алишер Ҳасанов бошчилигидаги делегациянинг Латвияга амалий сафари ташкил этилди.

Делегация таркибидан, шунингдек, Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университетининг масъул вакиллари ҳам ўрин олди.

«Дунё» АА томонидан маълум қилинишича, ташриф давомида Латвия табиий фанлар ва технологиялар университети (LLU) ректори Ирина Пилвере билан музокаралар олиб борилди, Елгава шаҳрида жойлашган озиқ-овқат технологиялари ва ветеринария тиббиётига ихтисослашган лаборатория инфратузилмаси билан танишув ташкил этилди.

Фото: «Дунё» АА

Музокаралар якунида Тошкент давлат аграр университети ва Латвия табиий фанлар ва технологиялар университети ўртасида 2022 йил 1 сентябрдан 2027 йил 30 июнгача мўлжалланган икки даражали таълим дастури тўғрисида битим имзоланди.

Ҳужжатда «Озиқ-овқат технологияси» ва «Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва инновациялари» мутахассисликлари бўйича бакалавриат таълимини «2+2» формуласи бўйича амалга ошириш, яъни талабаларнинг дастлабки 2 йил Тошкент давлат аграр университетида ва қолган 2 йилни LLUда ўқиши белгиланди. Ўқишни муваффақиятли битирганларга Европа Иттифоқида тан олинадиган диплом берилади.

Бундан ташқари, Латвия томони билан музокаралар якунида LLU илмий-лаборатория инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда Латвиянинг табиий-иқлим шароитига мослаштирилган ўзбек гуручининг янги навини етиштириш бўйича келишувга эришилди.

Ушбу инновацион лойиҳани амалга оширишда икки мамлакат университетлари мутахассислари иштирок этади. LLU лойиҳа учун ер участкасини ажратади. Лойиҳа муваффақиятли бўлса, Латвияда ўзбек гуручини ишлаб чиқаришни саноатлаштириш истиқболлари ишлаб чиқилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер