Бойсун тумани прокуратураси ходимлари янги бинода иш бошлади

19:30 18 Ноябрь 2021 Жамият
191 0

Фото: "Халқ сўзи"

Сўнгги йилларда Сурхондарё вилояти марказидан олис, тоғолди ҳудудда жойлашган Бойсун туманида кўплаб маданий, маиший, савдо ва ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш иншоотлари, ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, янги маъмурий бинолар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Бу эса ҳудудга замонавий қиёфа касб этиши баробарида туман аҳолисига қулайликлар туғдирмоқда.

Ана шундай бунёдкорлик ишлари натижасида туман прокуратураси янги биноси фойдаланишга топширилди. Тақдимот маросимида вилоят ва туман прокуратураси ходимлари, туман ҳокимлиги, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ишлар фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Жумладан, прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, тизим моддий-техник базасини мустаҳкамлаш саъй-ҳаракатлари изчиллик касб этмоқда.

Тақдимот маросимида йиғилганлар янги бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Бу ерда эндиликда туман прокуратураси ҳамда департамент ва мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходимлари фаолият олиб боради.

Маълумот ўрнида. Бойсун туманидаги 2-сектор ҳудудида 10 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, 33567 нафар аҳоли истиқомат қилади. Сектор штаби томонидан мунтазам аҳоли мурожаатлари билан ишлаш механизми йўлга қўйилган.

Илҳом РАҲМАТОВ, "Халқ сўзи". 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?