Бобокалонларимиз мероси — ёшлар нигоҳида

15:31 13 Февраль 2024 Жамият
291 0

Ўзбек халқининг фахри, ифтихори, ғазалиёт мулкининг султони Мир Алишер Навоий бобомизнинг 583 йиллиги муносабати билан нафақат Ўзбекистонда, балки чет элларда, хусусан туркий тилли давлатларда ҳам турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани улуғ мутафаккир шоирнинг дунё адабиётида алоҳида ўрни борлигининг исботидир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Қуролли кучлар Академияси билан ҳамкорликда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси маданияти ҳамда ўзбек давлатчилигида тутган ўрни ёшлар нигоҳида” мавзусидаги илмий-амалий ва маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Қуролли Кучлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, талаба ва курсантлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

— Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, буюк бобокалонларимиз бой маънавий меросига юксак эҳтиром кўрсатиш ва улуғлаш ҳамда уларнинг адабиёт, санъат, маданият ва китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Зеро, мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналишидан биридир, — дейди ФВВ Академияси катта ўқитувчиси, майор Фарҳоджон Хўжаев.

Тадбирни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси бошлиғи генерал майор Равшан Ҳайдаров очиб, бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлоднинг соғлом ўсиши, сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да ёшларни қўллаб-қувватлашнинг муҳим вазифаси – ёшларда ўзликни англаш туйғусини тарбиялаш, аждодлардан қолган моддий ва маънавий, миллий адабий мероснинг бошқалар олдида нечоғлик улкан аҳамият касб этишини англатиш, улар билан фахрланиш ва ғурурланиш ҳиссини кучайтиришдан иборат эканлигини алоҳида эътироф этди.

Абдулла Қаҳҳорнинг “Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас” дегани бежиз эмаслиги, бой тарихий меросни билиш ва ундан ибрат олиб яшаш ёш авлоднинг ҳар бир вакилини ҳаёт қийинчиликлари ва турмуш машаққатларига чидамли қилиб тарбияланишини тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаб ўтишди.

Буюк бобокалонларимиз бой маънавий мерослари бўлган ғазал ва рубоийлардан намуналар ижро этилгани, мавзу доирасида тайёрланган бадиий чиқишлари, турли хил саҳна кўринишлари, видеолавҳалар намойишлари ҳамда ёшлар ўртасидаги қизиқарли савол-жавоблар иштирокчиларни янада руҳлантириб, уларда ижобий таассуротлар қолдирди.

Тарихсиз келажак йўқ... Буюк мутафаккирларимиз қолдирган бой тарихни ўрганиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Мамлакатнинг эртаси, сўзсиз, ёш авлоднинг тарбияси ва тараққиёти билан боғлиқ.

Манзура МАТРАСУЛОВА,

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети 2-босқич талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?