Биз таълим бўйича энг яхши ҳамкорларни айнан Намангандан топдик – Сергей Харитончик

15:40 30 Ноябрь 2021 Жамият
383 0

Фото: «Халқ сўзи»

Юртимиздаги олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ташриф буюрган Беларусь миллий техника унверситети делегацияси Наманган муҳандислик-технология интитутида ҳам бўлди.

Ўзаро мулоқот давомида дўстона алоқаларини янада ривожлантириш, Наманган муҳандислик-технология институти билан ҳамкорликда 1+1 дастури асосида магистратура йўналишларини очиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, икки нуфузли олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари малака ошириш курслари ва ўзаро алмашинув дастурида иштирок этадиган бўлдилар. Айтиш керакки, жаҳоннинг ТОП-800 рейтингидан жой олган Беларусь миллий техника университети кундан-кунга илмий салоҳияти юксалиб бораётган нуфузли олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Айтиш керакки, мазкур муассаса билан Наманган муҳандислик-технология институти ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган ва келишувга асосан бугунги кунда Наманганда 2+2 дастури асосида Беларусь-Ўзбекистон таълим маркази фаолияти йўлга қўйилган.

– Биз таълим бўйича энг яхши ҳамкорларни айнан Намангандан топдик. Бугунги мулоқотлар икки олий таълим муассасалари учун ҳам янада манфаатли бўлади, деган умиддамиз. Келишувимизга асосан наманганлик талабалар Минск шаҳрига боришади, бизнинг ёшлар эса бу ерга келиб, ўзаро тажриба алмашадилар. Яна шуни айтмоқчиманки, биз дунёнинг 102 давлатидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қиламиз. Сизнинг юртингизда ҳам яна янги ҳамкорларни топиш ниятимиз бор, – дейди Беларусь миллий техника университети ректори Сергей Харитончик.

Меҳмонлар институтда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.  Бу ерда жамланган янги авлод ўқув-лаборатория жиҳозлари делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди. Ушбу жиҳозлар Жаҳон банки томонидан қарийб 11.5 миллиард  сўмлик молиявий кўмак асосида келтирилган бўлиб, ҳозирги кунда улар ёрдамида 400 га яқин амалиётларни бажариш имконияти мавжуд.  Шундан сўнг, Беларусь-Ўзбекистон таълим марказида 2+2 дастури асосида таълим олаётган талаба-ёшлар билан учрашув ўтказилди.

Ўзаро манфаатли мулоқотлар давомида 2+2 дастури асосида янги таълим йўналишларини очиш таклифи билдирилди. Шунингдек, меҳмонлар наманганлик талаба-ёшларни “Беларусь ёзги ўқув мактаби”да иштирок этиш учун Минск шаҳрига таклиф этишди. 2022 йилда эса икки томонлама ҳамкорликда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказишга келишиб олинди.

                                                                         Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?