Биз Ўзбекистондан Украинага нисбатан яхши, самимий муносабатни ҳис қиляпмиз — Украина ташқи ишлар вазири

07:50 08 Сентябр 2022 Дунё
754 0

Фото: Архив сурат

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 7 сентябрь куни Марказий Осиё давлатлари оммавий ахборот воситалари журналистлари билан онлайн учрашувда Украинанинг Ўзбекистон билан муносабатларига тўхталиб ўтди.

«Биз ҳозир, шу шароитда ҳам муносабатларни имкон қадар кенгайтиришга тайёрмиз, негаки уруш ўз йўлига, аммо ҳаёт давом этади ва олдинга қараб интилиш ҳамда биз биргаликда нима қилишимиз мумкинлигини ўйлашимиз керак.

2021 йил Ўзбекистон билан муносабатлар бўйича самарали бўлди. Бошида, вазир бўлганимда айнан Марказий Осиё мамлакатларига эътибор қаратмоқчи эканимни айтгандим. Ва 2021 йилда биз ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консультациялар ўтказдик, парламентлараро дўстлик гуруҳини туздик.

Мен чин юракдан Ўзбекистонда бўлишни хоҳлайман, мамлакатингиз тарихи ва мустаҳкам илдизидан ҳайратланаман, чунки унинг халқи тарихнинг жуда қўрқинчли даврларидан ўтган. Барчамиз шу йўлни босиб ўтганмиз, барчамиз битта Совет Иттифоқида бўлганмиз ва бизнинг миллий мансублигимизни бутунлай ўчиришга интилишган, аммо биз бунга қарши тура олдик.

Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатлари Россиянинг Украинага қарши уруши борасида қандай позицияда эканига келсак, бу саволга қисман жавоб бердим, аммо яна бир нарсани қўшимча қиламан. Барча аслини олганда бизнинг ғалабамиздан манфаатдор бўлиши керак, ҳамма мамлакатлар. Чунки агар биз енгилсак, устингиздан янчиб ўтишади.

Биз ҳалигача ўта босиқ позицияни кўряпмиз. Биз мамлакатларингизда Украинага нисбатан яхши, самимий муносабатни ҳис қиляпмиз. Лекин сизларни тийиб турган баъзи бир омиллар борлигини тушунамиз. Бу омил Россия билан муносабатлар ва Россиянинг ташқи ва ички сиёсатингизга таъсир ўтказа олиши деб номланади. Бироқ, бу омиллар қандай бўлмасин, ҳамма тушуниб етишини хоҳлайман: биз ютқазсак, кейингиси сиз бўласиз», — деди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба.

Дмитрий Кулеба Украина президенти Владимир Зеленский Марказий Осиёнинг барча етакчилари билан сўзлашишга тайёр эканлигини билдирди. Ҳозирча фақат Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан суҳбат бўлиб ўтган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер