Биз барча ваъдаларни бажаряпмиз — Амир Хон Муттақий

12:03 26 Июль 2022 Сиёсат
731 0

Фото: Халқ сўзи

Тошкентда давом этаётган халқаро конференцияда Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий Афғонистон ўз бўйнига олган барча ваъдаларни бажараётганини маълум қилди. Энди АҚШни ҳам ваъдаларини бажариб, музлатилган пулларни қайтаришга чақирди.

Ўзбекистонга таклиф қилгани ва анжуманни ташкил қилгани учун миннатдорчилик билдирди.

— 11 ой давомида - қисқа муддат ичида мамлакатда хавфсизликни таъминлай олдик ва барча давлат органлари фаолияти, ходимларини сақлаб қолдик, аҳолига асосий хизматлар кўрсатилмоқда. Коррупцияни деярли нолга туширдик. Сиёсий ва ҳарбий мухолифларнинг барчасига амнистия эълон қилинди. Афғонистон тарихида илк бор толерантлик сиёсати эълон қилинди; Ҳеч ким сиёсий ғоялари учун ишдан олинмади. Янгидан тузилган Мудофаа ва ИИВ вазирликлари жуда яхши ишлаяпти. Биз бу куч тузилмаларимизни халқимизга ёки қўшниларимизга қарши ишлатмадик. Барча ташқарига чиқиб кетган ватандошларни юртга қайтишга чақирамиз, Афғонистон барча афғонларнинг юрти.

Узоқ вақтдан сўнг биз барча университетлар ва мактабларни очдик. Ҳозир бизда деярли 10 миллион ўқувчилар мактабларда ўқимоқда. Аёлларга шароит бор жойда улар ишлаяпти, шароит йўқ жойда уйдан ишлаяпти. Биз уларга шароит қилгунга қадар уйдан ишлагани учун пул тўлаб турибмиз.

Афғонистон минтақалар ўртасида савдо ҳамкорлигида халқаро ҳаб бўлиши учун ҳаракат кетмоқда. Афғонистон Жанубий ва Марказий Осиёни боғлаш учун энг қисқа йўл. Афғонистон ислом амирлиги ҳудудидан бошқа давлатларга таҳдид қилинмайди, бунга ваъда бердик ва бажаряпмиз. Биз барча ваъдаларимизни бажардик. Энди АҚШ ҳам барча ваъдаларини бажаришини сўраймиз. Биз барча давлатлар билан ўзаро ҳурмат асосида алоқалар ўрнатишга тайёрмиз. Биз АҚШни ҳеч қандай шартларсиз музлатилган пулларни қайтаришга чақирамиз. Шунингдек, барча давлатларни мамлакатга инвестиция киритишга чақириб қоламиз, — деди Афғонистон Муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий.

Абдували Сойибназаров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер